Тошкент шаҳри ҳокимлиги «Тошкент инвест» компанияси билан биргаликда пойтахт тадбиркорларини Янгиҳаёт туманида давлат-хусусий шериклиги (ДХШ) асосида жамоат савдо ва кўнгилочар бульварини ташкил этиш бўйича экологик лойиҳада иштирок этишга таклиф қилди.
«Ушбу бульвар — болалар билан дам олиш, гастрономия, кўнгилочар тадбирлар ва шаҳар ҳаёти бирлашадиган жой», — дейилади пойтахт ҳокимлиги хабарида. Режага кўра, бульвар ҳудуд аҳолисининг спорт, савдо-сотиқ билан шуғулланиши учун ҳам имконият яратади.
Лойиҳа иншоотлари енгил конструкциялардан қурилади, бу эса инвесторлар учун қурилиш жараёнини тезлаштиради, дейилади хабарда. Дастлабки босқичда лойиҳа қуйидагиларни ўз ичига олади:
- гастрономик ҳудуд: қаҳвахоналар, ресторанлар, тез тайёрланувчи таомлар (fast food) ва бошқалар;
- спорт ҳудуди: фитнес маркази, баскетбол майдончаси, футбол майдони ва кўча спорти учун бошқа иншоотлар, шунингдек, спорт товарлари дўконлари;
- савдо ҳудуди: кийим-кечак дўконлари, эко бозор ва бошқа савдо бинолари;
- болалар кўнгилочар ҳудуди: батут маркази, ўйин майдончалари ва болалар автодроми.
Лойиҳа майдони 3,1 гектарни, бульварнинг узунлиги эса 1 километрни ташкил этади. Режалаштирилган контейнерлар (савдо майдончаларини жойлаштириш учун) 250 та бўлади.
Ҳокимликнинг қайд этишича, объект давлат-хусусий шериклик шартлари асосида инвесторга узоқ муддатли ижарага берилиши мумкин.
Манзил: Янгихаёт тумани, Сергели-8 турар жой массиви, Тошкент ҳалқа автомобиль йўли бўйлаб (4Р21).
Лойиҳанинг дастлабки концепцияси аллақачон ишлаб чиқилган бўлиб, уни «Тошкент инвест» компанияси билан боғланиш орқали кўриш мумкин.