Иқтисодиёт бўйича 2024 йилги Нобель мукофоти Массачусетс технологиялар институти профессорлари Дарон Ажемўғли ва Саймон Жонсон ҳамда Чикаго университети профессори Жеймс Робинсонга берилди. Мукофот олимларга сиёсий институтлар қандай шаклланиши ва уларнинг фаровонликка таъсирини ўрганиш йўналишидаги ишлари учун топширилди. Иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов «Газета.uz» билан суҳбатда бу олимларнинг тадқиқотлари нима учун муҳим эканини тушунтирди.
— Нобель қўмитаси баёнотида Ажемўғли, Жонсон ва Робинсоннинг тадқиқотлари мамлакатлар тараққиёти учун сиёсий институтларнинг нақадар муҳимлигини кўрсатиб бергани таъкидланади. Лекин, адашмасам, институтларнинг аҳамияти ҳақидаги ғоянинг ўзи янги эмас. Бу иқтисодчиларнинг амалга оширган тадқиқотлари нимаси билан муҳим?
— Гапингиз тўғри. Сиёсий институтларнинг иқтисодий тараққиётдаги ўрнига бағишланган тадқиқотлар учун охирги Нобель 1993 йили иқтисодчи Дуглас Нортга берилган эди. Дуглас Нортнинг тадқиқоти ҳам ўйин қоидалари, тийиб турувчи институтлар ва шу каби жиҳатлар мамлакатларни тараққиётга олиб борувчи зарур шартлардир, деган ғоя устига қурилган эди. Ажемўғли, Жонсон ва Робинсонга келсак, ҳа, улар кўп иш қилган, аммо улар Нобелга [сиёсий институтларнинг иқтисодий тараққиётдаги ўрни]ни формал моделлаштиргани, яъни математика тилида ёзиб бергани учун лойиқ кўрилди.
Бу ерда жуда нозик бир масала бор. «Институтлар тараққиётга олиб келади», деган гап, бу — фикрни сўз билан ифодалашдир. Фикрни сўз билан ифодалаш ва математик ифодалашнинг фарқи шундаки, сўз билан ифодалаётганда биз гап ичидаги қарама-қаршиликларни яхши кўролмаймиз. Лекин бирор бир жараённи математик моделлаштиришни бошласангиз, қарама-қаршиликлар кўринади. Шу боис иқтисодчилар сизга бирор бир ғоя берса, биринчи берадиган саволингиз: «Буни тушунтирадиган модел борми ё йўқ?» бўлади. Математик модел борлиги учун сиз у ерда қайси параметр ўзгарса, бу ўзгариш бошқа параметрларга қандай таъсир қилишини кўра оласиз.
Дуглас Норт асосан сўзда ифодалаган нарсани Ажемўғли, Жонсон ва Робинсон математик моделлаштирди. Уларнинг қилган иккинчи иши — эмпирик тадқиқотлар ўтказгани. Эмпирик тадқиқотларда улар формал моделдаги хулосаларига далиллар топган. Ҳозир улар ишлатган эмпирик далиллар ва эмпирик тадқиқотлар бўйича мунозара кетмоқда.
Масалан, ҳамма ривожланган мамлакатларда сиёсий институтлар яхши. Хўш, бу мамлакатлар сиёсий институтлари яхши бўлгани учун ривожланганми ёки тараққий этгани учун институтлари ҳам яхшими? Ажемўғли, Жонсон ва Робинсон ишлаб чиққан методологик нуқталардан бири — улар Буюк Британиянинг айрим колонияларида ўлим даражаси баланд, бошқаларида эса паст эканини кўриб чиққан. Бу ҳозирги тараққиётга нисбатан қайсидир маънода аҳамиятсиз нарса. Лекин ўша колониялардаги ўлим даражаси британияликлар шакллантирадиган институтлар қандай бўлишига таъсир қилган.
Агар британияликлар у ерда муқим қолишини билса — масалан, АҚШ, Канада ва Австралия каби ҳудудларда — узоқ муддатли (инклюзив) сиёсий институтлар қурган. Лекин, дейлик, Ҳиндистон каби ўлкаларда мустамлакачилар орасида иқлим ва бошқа сабабларга кўра ўлим даражаси юқори бўлган ва улар бу жойларда вақтинчалик — экстрактив — институтларни шакллантирган. Бу олимлар тарихдан шу далилни топиб, институтларнинг ўзгариши тараққиётни белгилаб беради, деган фикрни илгари сурган.
Яна бояги саволга қайтсак — улар ривожланган бўлгани учун институтлари ҳам яхшими ёки институтлари яхши бўлгани учун ривожланганми? Лекин иқлимнинг, британияликлар орасидаги ўлим даражасининг бу моделга алоқаси йўқ-ку. Аммо британияликларнинг ўлим даражаси, қайсидир маънода, сиёсий институтлар қандай бўлишини белгилаяпти. Институтлар эса тараққиётни таъминлаяпти. Бу ерда чизиқли сабаб-оқибатни кўряпсиз — институтларнинг сифати тараққиёт қандай бўлишини белгилаб бермоқда.
— Ҳамма бой мамлакатларда қонунлар ва институтлар ишлайди, деб олсак, бунга қарши мисоллар ҳам борми? Бадавлат, лекин институтлари яхши бўлмаган мамлакатлар ҳам борми?
Истиснолар бор. Масалан, нефть қазиб олувчи аксарият мамлакатларни шундай мисол қилиб кўрсатишади. Бу — Форс кўрфази мамлакатлари бўлиши мумкин, бу — Россия бўлиши мумкин. Яъни, уларнинг сиёсий институтлари сифати бойликларининг сифатига ҳамоҳанг эмас. Буни қандай тушунтириш мумкин?
Улар табиий бойликлар ҳисобига бойимоқда. Шунингдек, бу борада тескари мисоллар ҳам бор. Масалан, Венесуэлада нефть Саудия Арабистонидагидан кўп. Лекин у ерда сиёсий институтлар шу қадар ёмон аҳволдаки, мамлакат очарчилик ёқасида турибди. Саудия Арабистонида эса, аксинча, одамлар кўп овқат еганидан қийналяпти.
Ваҳоланки, уларнинг аҳоли сони ҳам тахминан бир хил. Яъни, институтлар сифатини мана шундай мисолларда ҳам кўрса бўлади. Умуман олганда, табиий бойликлари кўп бўлган мамлакатларнинг даромад даражаси одатда уларнинг сиёсий институтлари даражасига ҳамоҳанг эмас.
— Сингапур бунга мисол бўла олмайдими?
Йўқ. Сингапурда демократик институтлар масаласи зиддиятли. Аммо ўзаро тийиб туриш, одил судлов, ҳуқуқлар ҳимояси, мулк муҳофазаси каби нарсалар анча яхши ишлайди. Масалан, Сингапурдаги сўз эркинлиги ёки демократик жараёнлар масаласида, албатта, саволлар туғилиши мумкин. Сингапурликларнинг амалдаги ҳукуматга нисбатан ўз фикрини билдириш эркинлиги бироз чекланган бўлса ҳам, аксарият масалаларда улар ўз судлари, полицияси, тийиб турувчи воситаларга ишонади ва таянади.
— Лауреатларнинг қайси китобларини ўқишни тавсия қилган бўлардингиз?
— Ўзбек тилига таржима қилинган «Мамлакатлар таназзули сабаблари» («Why nations fail») китобини. «Тор йўлак»ни («The Narrow Corridor») ҳам. Айниқса, Ажемўғлининг библиографияси жуда катта. Нобель олганидан сўнг айнан шу мавзуда мемлар ҳам чиқди, чунки Ажемўғли китоб чиқариш бўйича энг сермаҳсул иқтисодчилардан, ҳозир у каби сермаҳсул ижодкор иқтисодчилар йўқ. Шу жиҳат, қайсидир маънода, Нобель қўмитасига ҳам масъулият юклаган: «Унга бермасак, бошқа кимга ҳам берамиз?», дегандек.
Жеймс Робинсон ҳам ҳозир Африка ҳақида янги китоб ёзяпти. Бундан ташқари, Ажемўғли ва Жонсоннинг биргаликда ёзган «Ҳокимият ва тараққиёт» («Power and Progress») китоби ҳам бор. Буларнинг барчасини ўқишни тавсия қилган бўлардим.