Отабек Равшанбек ўғли Турсунов Тошкент вилояти ҳокимига биринчи ўринбосар этиб тайинланди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, у ҳокимнинг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари — вилоят иқтисодиёт ва молия бош бошқармаси бошлиғи лавозимини эгаллади.
Турсунов тайинловга қадар Вазирлар Маҳкамаси иқтисодиёт, саноат, молия-банк, солиқ, давлат активлари, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари котибияти мудирининг ўринбосари лавозимида фаолият юритган.
У 1984 йилда Андижон вилояти Андижон шаҳрида туғилган. Маълумоти олий. 2007 йилда Андижон муҳандислик-иқтисодиёт институтини тамомлаган.
Фаолияти давомида Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигида масъулиятли лавозимларда ишлаган. 2021 йил февраль ойида Андижон вилояти ҳокимининг молия, иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари этиб тайинланган.
Эслатиб ўтамиз, 15 октябрь куни президент раислигида бўлиб ўтган йиғилишда Тошкент вилоятида камбағалликни қисқартириш борасида амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинганди. Фаолиятидаги камчиликлар ва соҳадаги ишлар қониқарсиз олиб борилаётгани учун вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Эркин Муҳитдинов лавозимидан озод этилган.