Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги «Газета.uz» сўровига биноан Қозоғистонда олти нафар Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлган йўл-транспорт ҳодисаси тафсилотларини маълум қилди.
Эслатиб ўтамиз, 16 октябрь куни соат 07:30 да Бейнеу — Тажен йўлида Jac автомобили иштирокида ЙТҲ содир бўлган. Автомобиль чегарадан ўтиш учун навбатда турган юк машинасига келиб урилган. Машинада жами 10 киши бўлган, 6 киши ҳалок бўлган, қолган тўрт нафар йўловчи Бейнеу туман марказий касалхонасига ётқизилган. Жабрланганларнинг аҳволи ўртача оғир деб баҳоланган.
Ташқи ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, ҳалок бўлган барча фуқароларнинг шахсига аниқлик киритилди.
«Ақтаудаги бош консуллик ходимларимиз уларнинг қариндошлари билан боғланишди. Бугун улар Қозоғистонга келишади. Яқин кунларда жасадлар Ўзбекистонга олиб келинади. Шифохонада ётган тўрт нафар фуқаромизнинг аҳволи яхши, деб баҳоланмоқда. Улар шифохонадан чиққанларидан кейин Ўзбекистонга қайтади. Бош консуллик ходимлари маҳаллий ҳокимият органлари билан ҳамкорликда ишламоқда, муаммолар йўқ», — дея «Газета.uz»га вазирлик матбуот хизмати хабар берди.
Ҳалок бўлганларнинг барчаси Хоразм вилоятидан бўлган — уч эркак, бир аёл ва икки нафар бола. Бир нафар эркак, аёл ва икки бола касалхонада.