Шавкат Мирзиёев чоршанба куни бўлиб ўтган тақдимотда Тошкент−Самарқанд ва Тошкент−Андижон оралиғидаги пулли йўл лойиҳаларини жадаллаштириш ва йўлларни қатнов даражаси юқори бўлган участкаларда қуриш зарурлигини таъкидлади. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.

Президент бундай ҳолларда муқобил бепул йўл мавжуд бўлиши алоҳида қонун билан белгиланишини қайд этди.

Шавкат Мирзиёев август ойи охирида 2024−2030 йилларда давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш асосидаги лойиҳалар, жумладан, пулли автомобиль йўллари қуриш лойиҳалари рўйхатини тасдиқлаганди. Тошкент-Самарқанд пулли йўлини 2028 йил охиригача якунлаш (дастлабки қиймати 2,2 млрд доллар), Тошкент-Андижон пулли йўлини 2026 йилда бошлаш (4,28 млрд доллар), Самарқанд-Бухоро пулли йўли лойиҳасини 2027−2030 йилларда қуриш (1 млрд доллар) ва бошқалар режалаштирилган.

Сентябрь ойида Автомобиль йўллари қўмитаси раиси Жамшид Турсунов пулли йўллар қуриш масаласига изоҳ берар экан, фойдаланувчиларга бепул муқобил ҳам бўлишини таъкидлади.

Унинг сўзларига кўра, тақдимотда президент Ўзбекистоннинг умумий узунлиги 4 минг км бўлган «Андижонни Қўнғирот билан, Термизни Тошкент билан боғлайдиган халқаро автомобиль йўллари энг юқори талабларга жавоб бериши кераклигини» таъкидлаган. «Ўзбекистоннинг географик жойлашувини ҳисобга оладиган бўлсак, халқаро йўлларнинг ташқи савдодаги аҳамияти жуда катта», — деди у.

Халқаро автомобиль йўллари бўйлаб қўшимча 70 та савдо ва хизмат кўрсатиш мажмуаси қурилади.

4700 та кўприкни таъмирлаш зарурлиги таъкидланди. Шавкат Мирзиёев уларни таъмирлаш бўйича уч йиллик дастур ишлаб чиқиш вазифасини қўйди.

Давлат раҳбари халқаро молия институтлари билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш, йўл ва сув инфратузилмаси лойиҳаларига хорижлик маслаҳатчиларни жалб этиш бўйича топшириқлар берди.

Тақдимотда эълон қилинган маълумотларга кўра, агар 2009−2016 йилларда 9 трлн сўмга 1000 километрдан ортиқ йўл қурилиб, 20 минг километр йўл таъмирланган бўлса, кейинги саккиз йилда бу кўрсаткичлар 6 баробарга ошган: 58 трлн сўм маблағ ажратилиб, 2000 км йўл қурилиб, 100 минг км йўл таъмирланган.

БМТ таҳлилига кўра, сифатли йўллар Ўзбекистон иқтисодиётининг камида 2 фоиз ўсишига туртки беради. Бугунги кунда халқаро молия ташкилотлари билан 729 км йўлни реконструкция қилиш бўйича 6 та лойиҳа амалга оширилмоқда, дейилади хабарда.

Яқин кунларда Қўнғирот-Бейнау йўналишидаги 240 км йўл фойдаланишга топширилади. Шунингдек, Гулистон−Андижон, Душанбе−Термиз, Бухоро−Туркманбоши, Урганч−Ҳазорасп йўлларининг муайян қисмлари қайта қурилади.

Соҳага хусусий сектор вакиллари ҳам кенг жалб қилинмоқда. Ҳудудлардаги жами 260 км йўлларнинг эксплуатацияси аутсорсинг асосида тадбиркорларга берилган. Осиё тараққиёт банки лойиҳаси доирасида 841 км йўл қурилишида илк бор тўлиқ маҳаллий пудратчилар қатнашишига келишилган.