Жаҳон банки 2024 йилда Европа ва Марказий Осиё минтақасида ЯИМнинг энг юқори ўсиши Грузия, Тожикистон ва Ўзбекистонда кузатилаётганини қайд этди.
Бугун эълон қилинган Европа ва Марказий Осиё минтақаси иқтисодиёти бўйича ҳисоботда бир қатор инқирозлардан сўнг минтақадаги ривожланаётган мамлакатларда иқтисодий ўсиш барқарорлашаётгани айтилади, аммо кўрсаткичлар 2000 йиллар бошига нисбатан анча паст даражада қолмоқда.
Прогнозларга кўра, 2024 йилда Европа ва Марказий Осиё минтақасида иқтисодий ўсиш 2023 йилдаги 3,5 фоиздан 3,3 фоизгача секинлашиши, 2025 йилда эса 2,6 фоизгача секинлашиши мумкин. Бу ўсиш 5,1 фоизни ташкил этган 2000−2009 йиллардаги ўртача йиллик кўрсаткичдан анча паст.
Жаҳон банкининг қайд этишича, минтақа мамлакатлари юқори даражадаги инфляция, Россиянинг Украинага бостириб кириши оқибатлари ва Европа Иттифоқида, минтақанинг асосий экспорт бозорида иқтисодий фаоллик даражасининг секин ўсиши ортидан юзага келган сўнгги шокларни муваффақиятли енгиб ўтди.
Ҳозирда Европа ва Марказий Осиёнинг ривожланаётган мамлакатларида иқтисодий ўсиш учун асос иш ҳақининг ошиши, аҳолига давлат тўловлари ва инфляциянинг секинлашувига таянувчи хусусий истеъмол бўлиб турибди.
Пул ўтказмалари оқими ҳам Covid-19 пандемияси бошланишидан олдин кузатилган даражадан ошган. Ўтказмалар Ғарбий Болқон, Жанубий Кавказ ва Марказий Осиё мамлакатларида иқтисодий ўсишга ҳисса қўшишда давом этмоқда.
2025 йил бўйича прогнозлар Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотнинг 5,8 фоизга ўсиши орқали минтақада иқтисодий ўсиш бўйича етакчи ўринга чиқиб олиши мумкинлигини кўрсатмоқда.
Украинада иқтисодий ўсишнинг 2024 йилда 3,2 фоизгача (ўтган йили — 5,3 фоиз) ва 2025 йилда 2 фоизгача секинлашиши кутилмоқда, бу Россиянинг мамлакатга бостириб кириши ва энергия таъминотидаги катта узилишлар туфайли жиддий зарар кўрилгани билан боғлиқ.
Россияда пул-кредит сиёсатининг қатъийлаштирилиши ҳамда ишлаб чиқариш қувватлари ва меҳнат ресурслари танқислигининг кучайиши натижасида иқтисодий ўсиш суръатларининг 2024 йилда 3,2 фоизгача (2023 йилда — 3,6 фоиз) ва 2025 йилда 1,6 фоизгача пасайиши кутилмоқда.
Минтақанинг Россиядан кейинги энг йирик иқтисодиёти бўлган Туркияда иқтисодий ўсиш 2023 йилдаги 5,1 фоиздан 2024 йилда 3,2 фоизгача секинлашиши кутилмоқда.
Маърузанинг махсус бўлими Европа ва Марказий Осиё минтақаси мамлакатларида иқтисодий ўсиш омилларидан бири бўлган инсон капиталининг ролига бағишланган.
Узоқ муддатли истиқболда меҳнат унумдорлигининг ўсишини жадаллаштириш учун мамлакатлар ўрта ва олий таълим сифатини сезиларли даражада оширишлари кераклиги таъкидланган.
Минтақадаги таълим тизимининг барча бўғинларида аҳоли таълим билан кенг қамраб олинган. Муаммо сўнгги пайтларда пасайиб бораётган таълим сифати билан боғлиқ. Хусусан, сўнгги 10 йил ичида минтақа мамлакатларида ўқувчиларнинг таълимдаги кўрсаткичларини баҳолаш бўйича халқаро дастур (PISA) тестларида тўплаётган баллар сони кескин пасайди. Ушбу дастур 15 ёшли ўқувчиларнинг билим кўникмаларини баҳолайди.
Таянч (бошланғич ва ўрта) таълимнинг сифатининг қониқарсизлиги, айниқса, минтақа мамлакатларидаги нотинч оилалар аъзолари бўлган ўқувчилар мисолида яққол кўзга ташланади.
Ҳисоботда олий таълим тизимларининг камчиликлари қаторида минтақадаги олий таълим муассасаларидаги ўқув дастурларининг эскирганлиги, уларнинг ускуналари ва инфратузилмасига инвестицияларнинг етишмаслиги, шунингдек, ўқувчиларнинг билим ва кўникмаларининг меҳнат бозори эҳтиёжларига мос келмаслиги қайд этилган.