17 октябрь куни бўлиб ўтган IV Тошкент аксилкоррупция форумидан сўнг БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Акико Фужии ОАВ вакилларига интервью берди. У форумнинг аҳамияти ва коррупцияга қарши курашишда нималарга эътибор қаратиш кераклиги ҳақида гапирди, дея хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

«Мазкур форумда муҳокама қилинган масалалар Ўзбекистон учун коррупцияга қарши курашиш нақадар муҳим эканлигини кўрсатади. Манимча, бу тадбир биринчи ўринда ҳукумат ва барча ҳамкорларнинг, шу жумладан, БМТТДнинг ҳам ютуқлари ва саъй-ҳаракатларини нишонлаш учун мазмунли платформалигини тан олиш керак. Шунингдек, коррупцияга қарши курашишда ечимини кутаётган масалаларни ҳам атрофлича муҳокама қилиш муҳим, деб ўйлайман. Форум доирасида коррупция муаммосини таълим, ўқитиш, салоҳиятни ошириш ва кучайтириш орқали ҳал қилиш муҳокамасида барча фаол иштирок этади, деган умиддаман», — деди у.

Акико Фужии 2024 йил сентябрида эълон қилинган коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги учинчи миллий маърузанинг аҳамияти катта эканлигини таъкидлади. «Унда ҳанузгача коррупция маданиятига қарши курашиш учун керак бўлган маҳаллий даражадаги имкониятларнинг етишмовчилиги ва бу билан боғлиқ баъзи муаммолар қайд этилган», — дея қўшимча қилди БМТ вакили.

У Ўзбекистон ҳукумати коррупцияга қарши курашишда кўпроқ нималарга аҳамият қаратиши зарурлиги ҳақидаги саволга жавоб бераркан, «Менимча, биринчи навбатда, бизда аниқ маълумотлар ва таҳлиллар бўлиши керак. Чунки далилларга асосланиб иш юритишга ўтишимиз лозим. Албатта, ҳукумат ҳисобот беришни бошлади, охиргиси юқорида айтганимдек, сентябрь ойида чиқди. Бу ҳақиқатан ҳам очиқлик ва шаффофлик томон яхши силжиш, сабаби маълумотларсиз биз нотўғри йўналишларда кураш олиб боришимиз ва бу самарали бўлмаслиги мумкин. Бундан ташқари, бу борада ишончли маълумотларга эга бўлиш, одамлар учун маълумотларнинг очиқлигини таъминлаш ҳамда жамиятдаги шаффофликни яхшилаш жуда муҳимдир», — деди Акико Фужии.