«Газета.uz» катта ижтимоий аҳамиятга эга бўлган суд жараёнларини ёритиб келади. Нашр Нукус воқеалари, Док-1 Макс, Бахти Ташкентский ишлари бўйича суд мажлисларидан тўғридан-тўғри эфирлар олиб борди, «Дўстлик» боғи суд иши ҳақида батафсил маълумот берди ва айни вақтда «Тошшаҳартрансхизмат» компанияси собиқ раҳбари Анвар Жўраевга қарши суд жараёнларини кузатиб боряпти.
Таҳририят ходимлари суд залида судьялар томонидан журналистик фаолият эркинлигини чеклашга уринишларга бир неча бор дуч келган. «Газета.uz» мухбири Дилявер Аблякимов жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман суди судьяси Сарвар Мамадиев билан журналистларнинг суд мажлисларида қатнашишига доир қоидалар, суд ишларини ёритишга қўйиладиган тақиқларнинг сабаблари ва ошкораликнинг аҳамияти ҳақида суҳбатлашди.
Сарвар Мамадиев журналистика факультети талабалари учун ОАВда суд жараёнларини ёритиш амалиётига бағишланган семинарда маърузачи сифатида иштирок этган. Тадбир Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди, Ўзбекистон Олий суди, АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) ва East-Wеst Management Institute (АҚШ) ННТ филиали томонидан ташкил этилган эди. «Тадбир судлар фаолиятини профессионал тарзда ёритиши мумкин бўлган журналистларга бўлган эҳтиёжнинг ортиши муносабати билан ўтказилган», — дейилади Масс-медиа фонди ахборотида.
Сарвар Мамадиев. Фото: Масс-медиа фонди.
— Нима учун айрим суд жараёнларини ёритишга рухсат берилмайди?
— Жиноят-процессуал кодексининг 19-моддасида барча суд ишлари ошкора тартибда кўриб чиқилиши белгиланган. Жинсий жиноятларга оид ишлар кўриб чиқилаётганда ёки ишда давлат сири мавжуд бўлганда, мажлислар ёпиқ тарзда ўтказилишига доир истиснолар мавжуд. Шунингдек, суд жараёни қисман ёпиқ шаклда ўтказилиши мумкин бўлган айрим ҳолатлар ҳам бор.
— Мажлис қисман ёпиқ шаклда ўтказиладиган ҳолатларга мисоллар келтира оласизми?
— Жиноий суд жараёнида жараён иштирокчиларнинг шахсий ёзишмалари муҳокама қилинаётганда, гувоҳлар ва ишнинг бошқа иштирокчилари хавфсизлигини таъминлаш зарур бўлганда ёки суд муҳокамасида вояга етмаганлар иштирок этаётган тақдирда очиқ мажлис ёпиқ шаклга ўтиши мумкин.
— Суд жараёнини ёпиқ шаклда ўтказиш тўғрисида ким қарор қабул қилади?
— Аввалига судья томонларнинг фикрини сўрайди. Агар томонлар ўз ишлари жамоатчиликка очиқ бўлишини истамасалар, улар судга эътироз билдирган ҳолда, муайян сабабларга кўра жамоатчилик бундан хабардор бўлишини истамасликларини маълум қилишлари мумкин. Қоида тариқасида, суд мажлисида айбловчи томондан вакил сифатида прокурор ҳам иштирок этади. Суд раиси ундан ҳам фикр сўрайди.
Ҳатто иш бўйича томонлар журналистларнинг суд залида иштирок этишига қарши бўлса ҳам, суд раиси зарур деб топган тақдирда, уларнинг иштирокига йўл қўйиши мумкин, лекин бундан олдин иштирокчиларнинг фикрларини сўраш муҳим.
— Тажрибангизда жараён қисман очиқ, қисман ёпиқ шаклда ўтказилган ҳолатлар ҳам бўлганми?
— Менинг амалиётимда томонлар оммавий ахборот воситалари вакилларининг иштирокини истамаган ҳолатлар бўлган. Бир блогер суд мажлисига кирмоқчи бўлди, у суд жараёнида иштирок этмаётган, бироқ кўриб чиқилаётган иш уларнинг манфаатларига дахлдор бўлган учинчи шахслар номидан қатнашишни сўради.
Бу 168-модда бўйича кўрилаётган фирибгарлик иши эди. Бино қурилишининг буюртмачиси ва пудратчиси ўзаро низолашаётган, фирибгарлик масаласи муҳокама қилинаётган эди. Учинчи шахслар — бу бинодаги янги хонадонларга пул тўлаган, бироқ кадастр ҳужжатлари берилмаган фуқаролар эди. Ушбу жиноят ишининг асоси кадастр масаласи эмасди. Хонадонларнинг эгалари ишда иштирок этмаган.
Блогер судда бизга тушунтиришича, бу одамларни бинонинг кейинги тақдири, шунингдек, суд жараёнида муҳокама қилиниши мумкин бўлган кадастр ҳужжатларини бериш масаласи қизиқтирарди. Томонлар видеотасвирга олишга розилик бермади, лекин мен барибир бу блогерга кадастр масаласи муҳокама қилинаётган вақтда суд мажлисида ҳозир бўлишга рухсат бердим. Биз ўша пайтда иш бўйича суд муҳокамасини ўтказмадик. Блогер ўз ишидан мамнун бўлди. Ундан ўз масаласини кўтаришни сўраган одамлар ҳам блогернинг, ҳам суднинг ҳаракатларидан мамнун бўлди.
Олий суд матбуот котиби Азиз Абидов. Фото: Масс-медиа фонди.
— Судья журналистлар билан материалларни эълон қилиш қоидаларини муҳокама қиладими?
— Мен, масалан, журналистга «Ҳар бир суд мажлисида қатнашинг, жараённи видеотасвирга олинг, лекин видеони фақат ҳукм чиқарилгандан кейин эълон қилиш мумкин», деб айтаман. Ҳукмга қадар бу судга муайян қарор чиқариш учун босим бўлиб хизмат қилиши мумкин.
Журналист жамоатчилик номидан келса, жараённи ёритишни жамият сўраётган бўлса, буни тушуниш мумкин. Бироқ журналист томонлардан бирининг манфаатларини кўзлаган ҳолда келса, бу судьянинг ҳукм чиқаришига таъсир қилади.
— Журналист томонлардан бирининг манфаатларини кўзлаб келган ёки йўқлигини қандай билиш мумкин?
— Бу суд жараёнида журналистдан сўралади. Агар унинг асосий мақсади жамоатчиликни хабардор қилиш бўлса, биз унга видеотасвирга олиш имкониятини беришимиз мумкин. Ҳар бир алоҳида ҳолатда судья суд залидан олинган видеотасвирни тўғридан-тўғри эфирда ёки мажлисдан сўнг дарҳол эълон қилишга рухсат бериш ёки умуман рухсат бермасликни мустақил равишда ҳал қилади.
Агар журналист томонлардан бирининг манфаатларини кўзлаб келганини айтса ва бунда томонлар очиқ мажлисга рози бўлса, суд ҳам журналистга судда ҳозир бўлиш ва жараённи ёзиб олишга рухсат беради. Бироқ иккинчи шахсларнинг манфаатларини ҳисобга олган ҳолда, биз журналистни ҳукм чиқарилгунга қадар ҳеч нарса эълон қилмаслик ҳақида огоҳлантирамиз.
Журналистлар учун семинардан лавҳа. Фото: Масс-медиа фонди.
— Гап фақат видеоматериаллар ҳақида эмас, балки матнлар ҳақида ҳам кетяптими?
— Матнли материаллар билан ҳеч қандай муаммо йўқ. Фақат аудио ва видеоёзувлар судьянинг розилиги билан амалга оширилади. Агар сиз очиқ суд жараёнида иштирок этаётган бўлсангиз, мажлисда нималар бўлаётганини бемалол ён дафтарингизга ёзиб олишингиз мумкин.
Бироқ бундан кейин сизнинг материалларингиз суд жараёнига таъсир кўрсатмаслиги керак ва сиз суд жараёни бўйича бирор фикр билдирмаслигингиз лозим. Жараён бўйича маълумот тариқасида сўзлаб беришингиз мумкин.
Агар сиз кимнингдир манфаати йўлида ҳаракат қилаётган бўлсангиз ёки манфаатдор томонлардан бирининг фикрини ёқлаб чиқсангиз, бу судга босим сифатида хизмат қилиши мумкин.
— Видеоматериаллар билан матнли материалларнинг фарқи нимада? Нима учун матнли ёзувларни эркин, фото ва аудиоёзувларни эса фақат рухсат билан эълон қилиш мумкин?
— Биламизки, суд жараёни қизғин кечади. Видеода сиз барча ҳис-туйғулар ва судда нима содир бўлаётганини тўлиқ кўрсатишингиз мумкин. Матн ёзаётганингизда эса ўз тажрибангизга, нуқтаи назарингизга таянасиз. Нимани тушунсангиз, шуни ёзасиз.
Видеода иш иштирокчилари ниманидир айтишлари, лекин кейинчалик суд жараёнида бу тасдиқланмаслиги мумкин. Ахир, бунинг рост ёки ёлғонлигини сиз олдиндан билолмайсиз. Видеодаги иш иштирокчиларининг ҳис-туйғулари томошабинларда янглиш тасаввур уйғотиши мумкин.
Агар журналистлар видеотасвирга олишни бошласа, биз уларга жараённинг барча мажлисларида иштирок этишлари кераклигини айтамиз. Бугун бир томон фикр билдириши ва бу ҳақиқатдек кўриниши мумкин. Бироқ эртаси куни у ёки бу ҳолат ёки кўрсатмалар юзага чиққанда, бу баёнот ўз аҳамиятини йўқотиши мумкин.
Журналист жараённи батафсил ва ҳар томонлама кўриб чиқиши, шундан кейингина материални эълон қилиши керак.
— Видеотасвирга олиш тақиқланиши мумкин бўлган бошқа сабаблар борми?
— Гувоҳлар. Қоидаларга кўра, суд залида гувоҳ сўроқ қилинаётганда бошқа гувоҳлар чиқариб юборилади. Гувоҳлар бошқаларнинг версияларини эшитмасликлари ва ўз кўрсатмалари давомида уларни такрорламасликларини таъминлаш мақсадида шундай қилинади.
Бироқ, агар мажлис тўғридан-тўғри эфирда ўтказилса ёки видеолавҳалар мажлисдан кейин дарҳол эълон қилинса, бу адолатсиз судловга олиб келиши мумкин.
— Суд жараёнида олинган видеоёзувлар жараён тугагандан сўнг эмас, балки суд муҳокамаси вақтида эълон қилингани ёки тўғридан-тўғри эфирга узатилганига кўплаб мисоллар бор. Бундай қарор қандай ҳолларда қабул қилинади?
— Бутун суд жараёни икки ойдан олти ойгача давом этиши мумкин. Бу журналист ҳар бир суд мажлисида қатнашиб, ҳар бир мажлисни ёрита оладими? Агар бу ижтимоий аҳамиятга эга ёки шов-шувли ишлар бўлса, бу ҳақда судда журналистлар, таҳририятлар, жамоат ташкилотлари ва бошқалар маълум қилади. Улар ушбу жараённи тўғридан-тўғри эфирга узатиш ёки ҳар бир мажлисдан сўнг эълон қилиш учун судга илтимоснома киритади.
Агар суд бу далилларни етарли деб ҳисобласа, ОАВ ва блогерларга мажлисларни тасвирга олиш ёки тўғридан-тўғри эфирга узатишга рухсат беради. Масалан, Нукус воқеалари бўйича Бухорода кўрилган суд жараёнида ҳар бир мажлис тўғридан-тўғри эфирга узатилган («Газета.uz» изоҳи: Бу эфирлар таҳририят ташаббуси билан Олий суд билан келишилган ҳолда уюштирилган).
— Агар мажлис очиқ бўлса ва журналист суд залига бемалол кирган бўлса, у суд жараёни бўйича материал тайёрлаши ҳақида судга хабар бериши шартми?
— Суд залида ҳозир бўлиш бемалол, бу ерда масала — бўлаётган воқеаларни қайд этишда. Агар суд жараёни бошланишидан олдин журналист ўзининг журналист эканлиги ва бу ерда видеотасвирга олиш ёки овоз ёзиб олишни ёки кейинчалик эълон қилиш мақсадида қўлда ёзиб олишни хоҳлаётганини билдирса, бу ҳолда журналист судга ростини айтади — у ишни қандай мақсадларда ёритмоқчи ва унинг бу жараёндаги иштироки нимадан иборат эканлигини тушунтиради.
Шундан сўнг биз бу масалани томонлар билан муҳокама қиламиз. Агар фуқаролик ёки маъмурий судда томонлар ОАВ вакиллари томонидан бирор шаклдаги ёзув амалга оширилишини истамаса, судья ҳеч нарса қила олмайди, у томонлар фикрини маъқуллаб, рухсат бермаслиги керак. Жиноят ишларида томонлар фикри сўралади, бироқ судья журналистлар иштирок этиши мумкинлиги бўйича қарорни ўзи қабул қилиши мумкин.
— Очиқ суд жараёнида журналистлардан ташқари оддий фуқаролар ҳам иштирок этиб, мажлисдан сўнг суд ҳақида пост ёзиши ёки ижтимоий тармоқларда суд жараёнининг бориши ҳақида ўз фикрини билдириши мумкин. Бу судга босим деб ҳисобланадими?
— Агар у катта аудиторияга эга блогер бўлса, у ҳам эълон қилган нарсаси учун жавобгар ҳисобланади. Нотўғри талқин ёки баёнот билан у судга босим ўтказиши мумкин. Агар ижтимоий тармоқларда кичик доирадаги «дўстлари» ёки обуначилари бўлган оддий одам ўз фикрини ушбу аудиторияда билдирса, бу ҳолда судга босим бўлмайди ва бундай ҳаракатлар ҳеч қандай жазога тортилмайди.
Таъкидлаш жоизки, кўп сонли обуначиларга эга ОАВ ва аккаунтлар нафақат ўз материаллари учун, балки уларнинг аудиторияси ушбу материал остида қолдирган изоҳлар учун ҳам жавобгардир. Улар буни назорат қилишлари лозим. Бу уларнинг мажбуриятларига киради.
Агар бирор шахс изоҳларда кимнидир ноҳақ айблаган ёки ҳақоратлаган бўлса, бу учун пост эгаси ҳам жавоб беради. Ёдда тутиш муҳимки, инсон эркинлиги бошқа инсоннинг эркинлиги бошланадиган жойда тугайди. Ўз талқин ва мулоҳазаларини баён этишда эҳтиёткорлик билан ёндашиш керак.
— Менинг амалиётимда шундай ҳолат бўлганки, суд видеога олиш ва ҳукм чиқарилгандан кейин материални эълон қилишга рухсат берган, лекин суд раиси ОАВ вакилларига алоҳида аудиоёзув учун рухсат бермаган. Бу нима билан боғлиқ?
— Ҳар бир судья шахсан ўзи қарор қабул қилади. Ўшанда у нимага асосланганини билмайман, лекин тахмин қилиш мумкинки, судья аудиоёзув салбий мақсадларда ишлатилиши мумкинлиги сабабли рухсат бермаган. Эҳтимол, суд залида суд баённомаси ёки ёзув олиб борилган ва судья қўшимча аудиоёзувни ортиқча деб ҳисоблагандир.
Сайр пайти нотаниш шахс томонидан умуртқа поғонаси синдирилган Дмитрий Сатторов жиноят ишлари бўйича Юнусобод туманлараро судидаги суд мажлисидан сўнг.
— Маъмурий ишлар бўйича Тошкент туманлараро судида кўриб чиқилган «Дўстлик» боғи иши бўйича судья таҳририятимиз журналистларига суд қарори кучга киргунга қадар материалларни эълон қилиш мумкин эмаслигини айтган эди. Таҳририятимизнинг расмий сўровидан сўнг бундай тақиқ йўқлиги маълум бўлди ва ҳамкасбларим жараённи ёритишда давом этди. Сизнингча, суд дастлаб буни нима сабабдан тақиқлаган бўлиши мумкин?
— Бу маъмурий суд бўлганлиги сабабли, томонлардан бири жараённи ёритишга қарши чиққан ёки журналист судни ўзининг бирор томон манфаатини кўзлаб келмаганига ишонтира олмаган бўлиши мумкин. Балки, ёзма сўровда ишонтиришга муваффақ бўлгандир.
— Шунга ўхшаш ҳолат Дмитрий Саттаровнинг ишини ёритганимда ҳам бўлганди. У ити билан сайр қилаётган вақтида нотаниш киши унинг умуртқасини синдирган. Дастлабки мажлислардан бирида суд раиси ОАВ вакиллари борлигини билгач, мендан мажлисга нима мақсадда келганим ва материалларни қандай шаклда тайёрламоқчи эканимни сўради. Ўшанда мен маълумотларни ён дафтаримга ёзиб олаётган эдим. Судья мажлисдан сўнг унинг олдига киришимни сўради. Шахсий суҳбатда у жараённи ёритиш мақсадга мувофиқ эмаслигини айтди. Бироқ, менинг фикримча, унинг далиллари етарли эмасди, ахир мен суд жараёнига аралашмоқчи эмасдим. Мен бу иш бўйича ҳар бир мажлисда қатнашдим ва репортажлар ёздим. Нима учун у жараённи ёритишни тақиқлади? Ўша суҳбатдан кейин ҳам шу иш бўйича материаллар тайёрлашда давом этганим тўғрими?
— Судьянинг сизни шахсий суҳбатга чақиргани ғалати. Агар судья бу жараённи ёритиш мумкин эмас, деб ҳисобласа ва буни журналистга айтмоқчи бўлса, бу ҳақда суд залида, мажлис пайти гапириши керак эди. Судья бу ҳақда суд жараёнида расман маълум қилиши мумкин.
Эҳтимол, у сизни томонлардан бирининг манфаатини кўзлаб келган деб ўйлаган ва шунинг учун шундай дегандир. Агар у сизга суд залида жараённи ҳукм чиқарилгунга қадар ёритиш мумкин эмаслигини айтганида, сиз эса ёритишда давом этганингизда, бу жараёнга аралашиш ва судга босим ўтказиш, деб ҳисобланарди. Бироқ шахсий суҳбатда айтилган гап тақиқ ҳисобланмайди.
— Маҳаллий оммавий ахборот воситаларининг суд жараёнлари ҳақидаги материалларини қандай баҳолайсиз?
— Мен журналистика факультетларида юриспруденция фанини жорий этиш керак, деб ҳисоблайман. Шунда ёш кадрларни олий ўқув юртидаёқ судлар билан ишлашга тайёрлаш мумкин бўлади. Журналистлар ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини билишлари жуда муҳим. Биз нотариус ёки ФҲДЁ бўлими эмасмизки, биномиздан ҳамма мамнун бўлиб чиқса.
Энг асосийси, ҳукмлар қонуний, асосли ва адолатли бўлиши керак. Агар журналист бирор бир суд иши ҳақида аҳолини хабардор қилишга киришса, у бундай нозик жиҳатларни тушуниши лозим.
— Судьялар журналистлар билан ишлашга тайёрми?
— Судларни ёритиш амалиёти пайдо бўлганига энди беш-олти йил бўлди. Илгари бундай бўлмаган («Газета.uz» изоҳи: «Газета.uz» судларни бундан ҳам узоқроқ вақтдан бери ёритиб келмоқда). Ҳозир, айтиш мумкинки, сизга эшик очилди, келинг, марҳамат. Журналистлар аллақачон материаллар тайёрлашга тайёр, камералар ва микрофонлар билан суд залларига кирмоқда.
Лекин бунга кўникиш учун судьяларга вақт керак. Судьяларнинг кўпи ёпиқ одамлар. Уларга камералар қаршисида ишлаш ноқулайлик туғдириши мумкин. Аммо бу вақт ўтиши билан ўтиб кетади.
— Илгари судларни ёритиш мумкин бўлмаганми?
— Мумкин эди. Жиноят-процессуал кодексининг суд муҳокамасининг очиқлиги тўғрисидаги 19-моддаси 1994 йилдан бери амалда. Аммо 2016 йилгача Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган қанча ҳам мустақил ОАВ ва блогерлар бор эди ўзи? Суд муҳокамалари жамиятга қизиқмиди? Буларнинг барчаси сўнгги йилларда, давлат янада очиқроқ бўла бошлагач пайдо бўлди.
— 1994 йилгача журналистларнинг суд мажлисларига қўйилишига оғзаки тақиқ бўлганми?
— Йўқ, ҳеч қандай тақиқ бўлмаган. Жиноят ишлари бўйича судьялар суд жараёнларини олиб боришда мустақил. Бизнинг ишимизга аралашишга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ.
Биз раҳбариятимиз билан фақат маъмурий ва меҳнат масалаларини муҳокама қиламиз. Агар судьялар ўзларини номақбул тутса, улар бизга маслаҳат ёки танбеҳ бериши мумкин. Бундай ҳолатлар Тошкентда бўлган. Лекин ишни қандай олиб бориш, суд залига кимни қўйиш ёки қўймасликни фақат судьянинг ўзи ҳал қилади.
— Сизнингча, суд жараёнларини ёритиш керакми?
— Баъзан суд ишларига журналистларни ўзим таклиф қиламан. Менинг ишларим ҳар доим ҳам оммавий ахборот воситалари ва жамият учун қизиқарли бўлавермайди, лекин ишни жамоатчилик учун аҳамиятли деб ҳисобласам, уларни чақираман. «Газета.uz»ни келгусида барча очиқ мажлисларимга таклиф қиламан.
Масалан, фирибгарлик ёки киберхавфсизлик билан боғлиқ иш бўлса, ўйлайманки, келгусида бошқа одамлар ҳам шундай фирибгарларга чув тушиб қолмаслиги учун аҳоли бундан хабардор бўлгани маъқул. Агар суд иши ОАВда ёритилса, бу судьянинг ўзини ҳам ташқи босимдан ҳимоя қилиши мумкин.
Менга ҳеч ким қўнғироқ қилиб, бирор нарса айта олмайди, чунки ҳамма нарса аҳоли учун очиқ. Суд ишларини ёритиш аҳолининг ишончини оширади, чунки бунда шаффофлик бор. Одамлар судья нима учун у ёки бу мазмунда қарор чиқарганини шу тариқа тушуна бошлайди.