Тошкент Фотосуратлар уйида 19−20 октябрь кунлари Тошкент ҳайвонот боғининг 100 йиллиги муносабати билан «Тарих объективда» номли кўргазма бўлиб ўтади, дея хабар бермоқда боғ матбуот хизмати.

Кўргазмада зоопаркнинг узоқ тарихи, унинг жониворлари ва ходимларини акс эттирадиган 100 дан ортиқ архив фотосуратлар тақдим этилади.

Намойишга ташриф буюрувчиларга ҳайвонот боғи қандай ўзгаргани, унинг коллекциясига қандай ҳайвонлар қўшилгани ва ходимларнинг муассаса ривожига қандай ҳисса қўшганини кўриш имконини беради. Ташкилотчиларнинг таъкидлашича, кўргазма ҳам катталар, ҳам болалар учун қизиқарли бўлади.

«Фотокўргазма — шунчаки фотосуратлар тўплами эмас, балки профессионал фотографлар, ҳаваскорлар, ходимлар ва дўстларимиз нигоҳи орқали олинган ёввойи табиат оламига саёҳатдир. Ҳар бир расм ўз тарихини ҳикоя қилади. Кўргазмага ташриф буюрган одам ҳайвонот боғининг кундалик ҳаёти, уларнинг характери, одатлари ва қўриқчилар билан мулоқот қилиш лаҳзаларини кўриши мумкин бўлади», — дея қайд этди боғ маъмурияти.

1924 йил 24 октябрда ташкил этилган Тошкент ҳайвонот боғи Ўрта Осиёдаги энг йирикларидан бири ҳисобланади. Бугунги кунда унинг майдони 21,5 гектар бўлиб, унда 336 турдаги 8000 дан ортиқ жонивор яшайди. Зоопарк ноёб ва йўқолиб кетиш хавфи остида турган турларни сақлаш бўйича халқаро дастурларда ва экологик таълимда фаол иштирок этади.

Ташкилотчилар, шунингдек, архивида ҳайвонот боғининг эски суратлари бўлган барчани info@tashkentzoo.uz манзилига ёки ҳайвонот боғининг ижтимоий тармоқлари: Telegram, Instagram ёки Facebook орқали юборишларини таклиф қилди.