Ўзбекистонда автобусларда йўл ҳақи учун нақд пулдан воз кечиб, тўлиқ электрон тўлов тизимига ўтилади. Транспорт вазири Илҳом Маҳкамов келаси йилдан йўл ҳақи учун нақд пул қабул қилинмаслигини маълум қилди, дея хабар бермоқда Kun.uz нашри.

Вазир бу ҳақда 18 октябрь куни Тошкент шаҳрида «Халқаро ҳамкорлик ташаббуслари ҳафталиги» бўлиб ўтган сессия давомида журналистларнинг саволига жавобан айтиб ўтган. Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда автобусларда 2025 йил 1 январдан йўл ҳақи учун нақд пул қабул қилишдан воз кечилади.

«Бекатларга нақд пулга билет ёки QR-код сотиб олиш имконияти яратилади. Аксарият бекатларга инфокиосклар ўрнатилади. Ҳозир бу тажриба Тошкент шаҳрида синовдан ўтказиляпти. Барча автобусларга шу QR-кодларни ўқий оладиган девайслар ўрнатилади. Улар ўрнатилгач, табиийки кондукторлар ишламайди. Сабаби нақд пулни йиғиш эҳтиёжи қолмайди», деди вазир.

Шу билан бирга, вазирлик раҳбари янги бруто шартнома тизими ҳақида ҳам қисқача гапирди.

«Бу тизимда жамоат транспорти хизматини кўрсатадиган операторларга пул тўлови йўловчиларни ўз вақтида манзилига етказиб қўйгани учун амалга оширилади», деди Илҳом Маҳкамов.

Daryo`нинг ёзишича, яқин истиқболда Транспорт вазирлиги 1294 та автобус сотиб олиш режалаштирилган бўлиб, асосий эътибор Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида электробуслар ҳаракатига қаратилади. 2030 йилгача автобуслар сонини 5 000 тага, электробуслар сонини 2 000 тага етказиш мақсад қилинган. Шаҳарлар ва туманлар жамоат транспорти билан тўлиқ қамраб олинишини таъминлаш кўзда тутилмоқда.

Бундан ташқари, жамоат транспорти тизимларини автоматлаштириш, ҳудудларда автоматлаштирилган диспетчерлик назорати ва мониторингини жорий этиш ҳамда йирик шаҳарларда жамоат транспорти учун махсус йўл бўлакларини яратиш устида иш олиб борилмоқда.

Транспорт вазири шунингдек, жамоат транспортига альтернатив сифатида трамвай лойиҳасидан воз кечилмагани ва унинг техник-иқтисодий асослари ишлаб чиқилаётганини билдирди, дея ёзмоқда нашр.

«Транспорт лойиҳаси четга сурилмади, бу лойиҳа, албатта, бугунги Тошкент шаҳрининг ривожланишида, янги ва эски Тошкент боғланишига лойиҳалаштириляпти. Лекин бир нарсани тушунишимиз керак, ҳозир ўзингиз айтяпсизларки, чорраҳаларни тўғрилашда молиявий маблағлар ажратилиши-чи, деб. Биз биринчи навбатда пулни ўта долзарб бўлган инфратузилма лойиҳаларига ажратишимиз керак ва қадамма-қадам йирик лойиҳаларга ўтишимиз керак деб ўйлайман. Биз албатта, трамвайни қўллаш жиҳатдан техник-иқтисодий асосларини, лойиҳаларини ишлаб чиқяпмиз», — деди у.

Маҳкамов трамвай линиялари айнан қайси ҳудудларда туширилиши лойиҳа амалга оширилишни бошлаганида эълон қилинишини айтиб ўтди.