Бош вазир ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоровга «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган иқтисодчи» фахрий унвони берилди. Бу ҳақда президент фармони чиқарилди, дея хабар бермоқда давлат раҳбари матбуот котиби Шерзод Асадов.

Мазкур унвон унинг давлат идораларидаги кўп йиллик самарали меҳнати, мамлакатимиз мустақиллиги ва унинг иқтисодий қудратини мустаҳкамлаш, молия тизимини халқаро андозалар асосида ривожлантириш ва янги босқичга кўтариш, муҳим дастурлар ва инвестиция лойиҳаларини муваффақиятли амалга ошириш борасидаги катта хизматлари, юртимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлигини юксалтиришга қўшаётган муносиб ҳиссаси, соҳада малакали кадрларни тайёрлаш йўлидаги ибратли фаолияти учун берилган.

Жамшид Қўчқоров (1964 й.т.) Тошкент халқ хўжалиги институтини (1985) ва Колорадо штати иқтисодиёт институтини (1996) тамомлаган. Иқтисодиёт фанлари номзоди. Марказий банк раиси ўринбосари (1996−1997), молия вазири ўринбосари — Молия вазирлиги Давлат бюджети бош бошқармаси бошлиғи (1997−2005), молия вазири ўринбосари (2005−2016), молия вазирининг биринчи ўринбосари (2017 йилгача), кейин эса бош вазир ўринбосари — молия вазири (2017−2020 йиллар) бўлиб ишлаган.

У Иқтисодиёт ва молия вазирининг ўринбосари лавозимига 2023 йил август ойида тасдиқланган.