Ўзбекистон Ахборот кодекси лойиҳаси 2025 йил февралида жамоатчилик муҳокамасига қўйилади. Бу ҳақда Тошкентда бўлаётган «Халқаро ҳамкорлик ташаббуслари ҳафталиги» доирасида 19 октябрь куни АОКА директори Асаджон Ходжаев журналистларга берган интервьюсида айтиб ўтди, дея хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.
Ходжаевнинг сўзларига кўра, ЮНЕСКО ҳамда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти экспертлари билан биргаликда Ахборот кодекси лойиҳасининг учинчи варианти ишлаб чиқилди.
«Уларнинг таклифларини қўшган ҳолда, ҳозир кодекс лойиҳасининг тўртинчи вариантини яратяпмиз. Шундан сўнг уни бизнинг ҳамкор экспертларга жўнатамиз ва, албатта, тўлиқ варианти жамоатчилик муҳокамасига тақдим этилади. Ушбу ахборот кодекси жуда катта, унинг бир қанча боблари бор ва 8 та қонунни ўз ичига олган. Махсус конференция доирасида ва ҳудудларга чиқиб, давра суҳбатлари ташкил этиш орқали спикерлар билан бирга кодексни таништириб боришни режалаштирганмиз», — деди у.
«Биз Ахборот кодексини ҳамма билан келишган ҳолда қабул қилишимиз керак. Чунки бу ҳар бир фуқарога тегишли кодекс бўлиб, унда ахборот олиш ҳуқуқ ва эркинлари кафолатлари, ахборот излаш ва унга ишлов бериш, ахборот тизимларига кириш [каби кўп нормалар мавжуд]. Биз муҳокамалар мобайнида халқимизнинг медиа саводхонлигини ҳам оширамиз. Киритилган нормаларни тушунтириб бориш керак: бу норма нега киритилди, у чет элда қандай ишлаяпти ва Ўзбекистонда қандай ишлайди, бу нормани биз қандай тушуняпмиз [сингари саволларга жавоб беришимиз лозим]. [Кодексни] шошилиб, бир-икки ой ичида ўзгартиш киритиб, тезкорлик билан қабул қилмаймиз. Албатта, ОАВ ва жамоатчилик муҳокамасидан кейин қабул қиламиз», — деди АОКА директори.
У кодекс қачон қабул қилиниши ҳақидаги саволга жавоб бераркан, аниқ бир санани қайд этмади. «Кодекс лойиҳасининг тўртинчи вариантини янги йилгача экспертлар орасида муҳокама қиламиз. [2025 йил] февралдан бошлаб, то март, апрель ойигача биргаликда икки-уч ой давомида сизлар билан (ОАВ вакиллари назарда тутилмоқда — таҳр.) муҳокама қиламиз. Жамоатчилик муҳокамасидан кейин парламентга киритишни режалаштиряпмиз», — деди Асаджон Ходжаев.
Лойиҳа моҳияти ва мазмуни
Ҳужжат 50 та манфаатдор вазирлик ва идорадан келишувдан ўтказилган бўлиб, 5 та моддадан ташкил топган. Ушбу қонунга илова тарзида 4 та бўлим, 14 та боб, 131 та моддадан иборат бўлган Ахборот кодекси тасдиқланмоқда.
Кодексда қуйидаги 8 та қонун ўзаро унификация қилиниши орқали тизимлаштирилган:
- «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги қонун;
- «Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида»ги қонун;
- «Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида»ги қонун;
- «Болаларни уларни соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун;
- «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари очиқлиги тўғрисида»ги қонун;
- «Журналистлик фаолиятни ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун;
- «Ахборотлаштириш тўғрисида»ги қонун;
- «Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш тўғрисида»ги қонун.
Таъкидланишича, қонунни шакллантиришда ахборот қонунчилиги Ўзбекистон қонунчилигига қисман яқин ҳисобланган МДҲ давлатлари тажрибаси ҳамда МДҲ ПА Ахборот кодекси модель лойиҳаси ўрганилган.
Янги кодекс нима беради?
Мазкур кодекснинг қабул қилиниши натижасида фуқаролик жамиятининг ҳуқуқий асослари такомиллашади, яъни ахборот соҳасининг тарқоқ ҳолдаги, бироқ мазмунан ўхшаш ва тартибга солиш қамрови ўзаро яқин бўлган 8 та қонун битта норматив-ҳуқуқий ҳужжат шаклида бир кодексга жамланади, улардаги айрим эскирган ва ўз кучини йўқотган нормалар чиқариб ташланиб, ўрнига амалдаги қоидалар киритилади, дейилади лойиҳа иловасида.
Эслатиб ўтамиз, Ахборот кодекси лойиҳаси 2022 йилнинг декабрида жамоатчилик муҳокамасига қўйилгач фаолларнинг эътирозларига сабаб бўлганди. Жумладан, Масс-медиа фонди Васийлик кенгаши раиси Нозима Давлетова 45-моддани «хавфли» деб атаган. Нурбек Алимов эса «7-модда ҳар қандай блогер ёки ОАВни синдириб юбориши мумкин»лигини таъкидлаган.