Фарғона вилояти Фурқат туманида Cobalt ва Damas иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисасида икки киши вафот этди. Бу ҳақда «Замон» дастурида хабар берилди.

Маълум қилинишича, ҳодиса Фурқат туманидаги автомобиль йўлида содир бўлган. Cobalt ҳайдовчиси атрофни туман қоплаган бўлишига қарамай, қарама-қарши йўналишга чиқиб ҳаракатланган.

Бу вақтда рўпарадан келаётган Damas уни пайқамай қолгани ортидан йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган. Оқибатда Damas ҳайдовчиси воқеа жойида ҳалок бўлган. Унинг турмуш ўртоғи эса шифохонада вафот этган.

Ҳолат юзасидан Cobalt ҳайдовчисига нисбатан Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми «а» банди (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш одамлар ўлимига сабаб бўлса / муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади) билан иш очилган.

Суд ҳукмига кўра, фуқаро 3 йил муддатга ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 3 йилга озодликдан маҳрум қилинди. Судланувчи суд залидан қамоққа олинди. Унга тайинланган жазо манзил-тартибли колонияда ўташ белгиланди.