Москва туман суди янги туғилган чақалоқнинг вафотига сабабчи бўлган 24 ёшли энагани қамоққа олди. Бу ҳақда «78.ru» хабар берди.
Маълум қилинишича, судланувчи Ўзбекистон фуқароси ҳисобланади. У икки ойга вақтинча қамоққа олинган. Суд мажлиси ёпиқ тарзда бўлиб ўтган.
Аёл рус тилини яхши билмаслиги сабабли бутун мажлис давомида унга таржимон ёрдам бериб турган. Гумонланувчи илгари судланмаган, оилали, бир нафар фарзанди бор.
Тергов маълумотларига кўра, 15 октябрь куни ота-она ярим ёшли ўғлини Ленсовет кўчасидаги хонадонда энагага қолдирган. Чўмилтириш пайтида энага чақалоқни қўлидан тушириб юборган ва бола боши билан ваннага урилиб кетган.
Энага тез ёрдам чақирган, аммо шифохонага клиник ўлим ҳолатида етказилган болани шифокорлар қутқара олмаган. Дастлабки маълумотларга кўра, фожиа сабаби бош мия жароҳати ва бош суягининг синиши бўлган.
Дастлаб энага боланинг ҳарорати кўтарилганини ва унга дори берганини айтган. Ҳозирда тергов органлари айбланувчига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш масаласини ҳал қилмоқда. Тергов давом этмоқда.