Коррупцияга қарши курашиш агентлиги бир қатор вазирликларнинг бошқарув ходимлари тадбиркорлик билан шуғулланаётганини аниқлади. Бу ҳақда агентлик ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши, Тоғ-кон саноати ва геология, Олий таълим, фан ва инновациялар, Энергетика вазирликлари ва уларнинг тизим ташкилотлари ўрганилганда 160 нафар бошқарув ходими 170 та тадбиркорлик субъектида таъсисчилик асосида фаолият юритиб келаётгани аниқланган.

Жумладан:

  • Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг 72 нафар ходими 79 та;
  • Тоғ-кон саноати ва геология вазирлигининг 59 нафар ходими 60 та;
  • Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг 22 нафар ходими 23 та;
  • Энергетика вазирлигининг 7 нафар ходими 8 та тадбиркорлик субъектида таъсисчи сифатида рўйхатдан ўтганлиги маълум бўлди.

Юқоридаги қонунбузилиши ҳолатлари бўйича мазкур вазирликларга агентликнинг тақдимномалари киритилди, дейилади хабарда.

Тадбиркорлик субъектларида таъсисчилик қилаётган ходимларга нисбатан огоҳлантириш хатлари берилиб, қайд этилган қонунбузилиши ҳолатлари ҳозирда бартараф этилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, сентябрь ойи бошида агентлик Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги, Сув хўжалиги ҳамда Қишлоқ хўжалиги вазирликларидаги 398 нафар бошқарув ходими тадбиркорлик билан шуғулланганини аниқлаганди. Шунингдек, Транспорт, Мактабгача ва мактаб таълими ҳамда Маданият вазирликлари ва уларнинг тизим ташкилотларида тадбиркорлик қилиб келган яна 107 нафар бошқарув ходимларига огоҳлантириш хатлари берилган. Бундан ташқари, учта банкнинг 148 нафар ходими тадбиркорлик билан шуғуллангани аниқланганди.

«Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги қонуннинг 4-моддасига асосан давлат органлари (қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно), уларнинг мансабдор шахслари, шунингдек, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши қонунчиликда ман этилган бошқа шахслар тадбиркорлик фаолияти субъектлари бўлиши мумкин эмаслиги белгиланган.

Шу билан бирга, «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги қонуннинг 13-моддасида давлат фуқаролик хизматчиси тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишга, тадбиркорлик фаолияти субъектларини ташкил этишга, уларнинг муассиси (иштирокчиси) бўлишга, тадбиркорлик фаолияти субъектида ташкилий-бошқарув, маъмурий-хўжалик вазифаларини бажаришга давлат фуқаролик хизматини ўташ билан боғлиқ чекловлар ўрнатилган.