Шавкат Мирзиёев 14 октябрь куни «Сунъий интеллект технологияларини 2030 йилга қадар ривожлантириш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорни имзолади.

Ҳужжатга кўра, Рақамли технологиялар вазирлигига сунъий интеллект технологияларини ривожлантириш учун 5 йил муддатга 50 миллион доллар миқдорида фоизсиз кредит берилади.

Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси сунъий интеллект технологияларини ривожлантириш учун 2025 йил 1 январдан бошлаб вазирликка белгиланган миқдорда кредит маблағлари ажратилишини таъминлайди.

Қарорда ушбу кредит Рақамли технологияларни ривожлантириш жамғармаси, шунингдек, қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан қайтарилиши белгиланган.

Вазирлик 2025 йил 1 сентябрга қадар лойиҳалар ва илмий-амалий тадқиқотларни зарур маълумотлар билан таъминлаш мақсадида қонунчилик ҳужжатлари талабларига мувофиқ барча ахборот хавфсизлиги чораларини кўрган ҳолда «катта маълумотлар» базасини яратади.

Шу билан бирга, 2026 йил 1 майга қадар сунъий интеллект технологияларини жорий этиш лойиҳалари доирасида маълумотларни қайта ишлаш учун мўлжалланган ҳисоблаш қувватларини ишга туширади.