Шавкат Мирзиёев 21 октябрдаги «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасига доир йиғилишда Тошкент шаҳридаги дренаж тизимини танқид қилди. Бу ҳақда президент матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди.

Давлат раҳбари дренаж тизими ишига қатъий эътироз билдирди ва яқинда юз берган кучли ёмғир «ҳақиқий аҳволни кўрсатганини» қайд этди. Ижтимоий тармоқларда сув босган кўчалар тасвири тарқалганди (1, 2, 3, 4).

Унинг таъкидлашича, дренажни тўғрилашнинг ўзи етарли эмас, сувни ҳавзаларда тўплаш тизимини яратиш ва дарахтларни суғоришга ишлатиш мақсадга мувофиқ.

Пойтахтдаги туман ҳокимлари жойига чиқиб, дренаж, яшиллик, ободонлаштириш каби масалаларни тепасида туриб ўзи ҳал қилиши шартлиги кўрсатиб ўтилди.

Шаҳар ҳокимлигига йил якунигача мастер-режа қилиб, дренаж тизимини сунъий ҳавзалар билан бирга қуриш бўйича дастур ишлаб чиқиш топширилди.

Президент, бундан ташқари, пойтахтда дарахтларнинг касалланиши ҳам кўпайганини қайд этди.

Тошкентда ёғингарчилик мунтазам равишда тошқинга олиб келади. Шаҳар ҳокимияти кўп йиллардан бери дренаж тизимини таъмирлаш ҳақида гапириб келмоқда. 2014 йил май ойидаги кучли ёғингарчиликдан сўнг 2015 йил февраль ойида ҳукумат қарори билан Тошкент шаҳрида фавқулодда вазиятлар юзага келганда ерости ва ерусти сув оқимларининг барқарор ишлашини таъминлаш концепцияси тасдиқланган эди.

2019 йил апрель ойида кўчаларни навбатдаги сув босганидан сўнг Тошкент ҳокимлиги дренаж тизимини капитал таъмирлаш учун салкам 60 миллион доллар зарурлигини маълум қилганди.

Шавкат Мирзиёев 2023 йил апрель ойи бошидаги ёмғирдан сўнг Қурилиш вазирлиги ва ҳокимликка икки ҳафта муддатда муаммони ҳал этиш бўйича дастур қабул қилиб, уни амалга оширишга киришишни топширганди.

Ўшанда Тошкент шаҳар ҳокимлигининг янги раҳбари Шавкат Умурзоқов сўзга чиқиб, уй-жой қуриш жараёнида дренаж тармоқларининг 20−30 фоизи фуқаролар томонидан тўсиб қўйилганини айтган. У, шунингдек, ҳамма жой «асфальт бўлиб ётгани, сув шимилмаганини» таъкидлаганди.

2021 йилдан бошлаб Тошкент шаҳар ҳокимлиги Рақамли ривожланиш бошқармаси томонидан ҳам муаммо ўрганилиб, ирригация ва дренаж тизими объектлари пойтахтнинг электрон харитасига киритилган. Ўтган йили «Газета.uz» бу тизим ўз ичига нималарни олиши ҳақида ёзганди.