2024 йил сентябрида Ўзбекистоннинг йирик корхоналарида газ қазиб олиш ҳажми 3,55 млрд куб метргача камайди. Бу президент ҳузуридаги Статистика агентлигининг «Газета.uz» танишиб чиққан саноат ишлаб чиқариши тўғрисидаги ҳисоботидан келиб чиқади.
Кўрсаткич 2023 йил сентябрь ойига (3,77 млрд) нисбатан 5,8 фоизга (220,5 млн куб метрга), 2022 йил сентябрь ойига (4,2 млрд) нисбатан 15,4 фоизга кам ҳисобланади.
Январь-сентябрь ойларида қазиб олиш ҳажми 33,5 млрд куб метрга етди, бу 2023 йилнинг мос даврига нисбатан 4,8 фоизга ёки 1,68 млрд куб метрга кам саналади.
Газ қазиб олиш ҳажмининг камайиши бир неча йиллардан буён давом этиб келмоқда. Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда электр энергиясининг 70−80 фоизи газ ёқиш ҳисобига ишлаб чиқарилади.
Статистика агентлиги электр энергияси ишлаб чиқариш бўйича статистик маълумотларни йирик ва кичик корхоналар кесимида эълон қилишни бошлади. Йилнинг дастлабки тўққиз ойида жами ишлаб чиқариш 4,3 фоизга ўсди — 57,8 млрддан 60,3 млрд кВт/соатгача.
Аксарияти газ (шунингдек, кўмир)да ишлайдиган йирик энергия таъминоти корхоналарида ва ва гидроэлектростансияларда электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми сентябрь ойида 4,69 млрд кВт/соатгача, яъни 2023 йилнинг сентябрь ойига (5,18 млрд) нисбатан 486,8 млн кВт/соатга (-9,4 фоизга) камайган.
Январь-сентябрь ойларида ишлаб чиқариш ҳажми 53,3 млрд кВт/соатгача камайган, бу 2023 йилнинг мос давридагидан 6,3 фоизга ёки 3,6 млрд кВт/соатга кам ҳисобланади.
Йўқотишлар қуёш ва шамол электр станциялари ишлаб чиқараётган электр энергияси ҳисобига қопланмоқда (уларнинг ишлаб чиқаришдаги улуши 11,5 фоизгача ўсди) — 6,97 млрд кВт/соат.
Ойлик нефть қазиб олиш ҳажми 57,1 минг тоннагача (-11,1 фоиз ёки 2023 йил мос даврига нисбатан 7100 тонна камроқ) камайди. Бу 56,5 минг тонна нефть қазиб олинган 2022 йил февралидан буён минимал кўрсаткич ҳисобланади.
Тўққиз ойда маҳсулот ҳажми 542,2 минг тоннагача камайган (2023 йилнинг мос даврига нисбатан -7,2 фоиз ёки 42,3 минг тоннага кам).
Сентябрь ойида 99,2 минг тонна автомобиль бензини ишлаб чиқарилди, бу 2023 йил сентябрь ойига (113,8 минг) нисбатан 11,1 фоизга ёки 14,6 минг тоннага кам. Тўққиз ойлик таққослаш бўйича ҳам пасайиш бошланди — 995,2 минг тонна (-1 фоиз).
Ўтган ойда дизель ёқилғиси ишлаб чиқариш 76,2 минг тоннадан 72 минг тоннагача қисқарди (ўтган йилнинг сентябрига нисбатан -5,5 фоиз ёки 4200 тоннага камроқ). Бироқ, 2023 йилнинг январь-сентябрь ойлари билан солиштирганда (йилнинг мос даврига нисбатан) 0,2 фоизлик ўсиш сақланиб қолмоқда — 777,8 минг тонна.
Кўмир қазиб олиш бўйича ойлик ҳажм рекордларни янгилашда давом этмоқда — 954,9 минг тонна (+269,3 минг тонна), бу ўтган йилнинг сентябрь ойидаги ҳажмдан 39,3 фоизга кўпроқ. Йил бошидан буён ишлаб чиқариш ҳажми 19,4 фоизга ошиб, 5,3 млн тоннани ташкил этди.
«Ўзбекистон-2030» стратегиясига кўра, 2030 йилга бориб Ўзбекистонда газ қазиб олиш ҳажмини 62 млрд куб метргача ошириш режалаштирилган (лекин сўнгги йилларда бу кўрсаткич пасайиб бормоқда). Агар Устюрт ҳудудидаги геология-қидирув ишлари кутилган натижа бермаса, 2030 йилга бориб газ импорти ҳажми 10−11 млрд куб метрга етади, деганди энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов.