Ўзбекистонда «Док-1 Макс» иши оқибатида ногирон бўлиб қолган болаларга «давлат томонидан кафолатланган тиббий ёрдам» кўрсатилмоқда. Бу ҳақда соғлиқни сақлаш вазири вазифасини бажарувчи Асилбек Худаяров Тошкентда ўтаётган «Халқаро ҳамкорлик ташаббуслари ҳафталиги» доирасида 21 октябрдаги тадбирлардан сўнг журналистлар билан бўлган мулоқотда маълум қилди, дея хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.
Вазир «Док-1 Макс» иши оқибатида ногирон бўлиб қолган болаларнинг рўйхати вазирликда борлиги, ташкилот улардан «хабар олаётгани, кафолатланган тиббий ёрдам кўрсатаётгани»ни таъкидларкан бу иш бўйича суриштирув ва тергов ҳали тугамаганини қўшимча қилиб ўтди.
— «Док-1 Макс» воқеаси сабаб ногирон бўлиб қолган болалардан хабар оляпсизми? [Сизда] улар ҳақида маълумот борми?
— Хабар оляпмиз, уларнинг асорати борларига кафолатланган тиббий ёрдам кўрсатяпмиз. Бу иш бўйича ҳали суриштирув ва тергов жараёнлари давом этяпти.
— ["Газета.uz»га интервью берган] васийлар айтяптики, ногирон бўлиб қолган болаларни Ўзбекистонда даволаш жуда қимматга тушади. Болаларни давлат ҳисобидан бепул даволаб, оёққа турғазиш [режаси] борми?
— Вазир вазифасини бажарувчи сифатида айтаманки, баъзи бир касалликларнинг асоратлари бўлади — булар ногиронликка олиб келганидан кейин органик ёки физологик бузилишлар юз беради. Агар физиологик бузилиш бўлса, уни тўғрилаш мумкин. Органик бузилиш бўлса, уни фақат асорати билан курашишимиз керак.
— [Жабрланувчиларга компенсация масаласида] суд қарори чиқди. Шундан сўнг [Соғлиқни сақлаш вазирлиги жабрланувчиларга] қандай ёрдам кўрсатяпти?— Уларга ёрдам бериляпти, ҳаммасининг алоҳида рўйхати бор.
— Лекин ота-оналар томонидан «Газета.uz»га эътирозли мурожаатлар келяпти…
— Ўша эътироз билдирган ота-оналарнинг эътирозлари нусхаларини бизга [Соғлиқни сақлаш вазирлигига] тақдим этсангиз, кўриб чиқишимиз мумкин.
— Демак ота-оналар билан алоқангиз йўқ экан-да?
— Улар билан алоқа бор. Тушунмовчилик бўлган бўлиши мумкин.
— Аммо уларнинг деярли барчаси эътироз билдиряпти.
— Факт [борми]?
— Бор, бу бўйича «Газета.uz»да материал ҳам чиқди.
— Менга [ўша мақолани] шахсан беринг.
«Док-1 Макс» иши билан боғлиқ жараён ҳақида
Ўзбекистонда 2022 йил охирида Ҳиндистоннинг Marion Biotech компанияси томонидан ишлаб чиқарилган «Док-1 Макс» ва «Амбронол» дори воситаларидан болаларнинг заҳарланиши кузатилган ва бунинг оқибатида, расмий маълумотларга кўра, 68 нафар бола вафот этгани ва камида 18 нафар бола ногирон бўлиб қолган.
Ушбу ҳолат бўйича 2023 йил августида бошланган ва ярим йил давом этган суд жараёни якунида дори истеъмолидан вафот этган 68 нафар марҳум ва соғлиғи ўта оғирлашган 4 нафар боланинг қонуний вакилларига 1 миллиард сўмдан, аҳволи қониқарли бўлган 4 нафар боланинг қонуний вакилларига 500 млн сўмдан, соғлиғи яхшиланган 8 нафар боланинг қонуний вакилларига 200 млн сўмдан маънавий зарар ундирилиши белгиланган.
Кейинчалик, 2024 йил апрелида бошланган апелляция шикоятларини кўриб чиқиш жараёнида судланувчилардан бири, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг собиқ раҳбари Сардор Кариев учун унинг онаси Мунира Кариева 75,6 млрд сўм миқдоридаги маънавий зарарни қоплаб бериш таклифи билан чиқди ва апелляция судининг якуний қарори чиққунига қадар 2,5 млрд сўмни суд депозитига ўтказди.
Якунда суд, хусусан, ушбу 2,5 млрд сўмни жабрланувчиларнинг қонуний вакилларига тақсимлаш тўғрисида қарор чиқарди (апелляция якунида биринчи инстанция судининг ҳукми ўзгаришсиз қолдирилиб, Сардор Кариев фойдасига қарор чиқмагани учун, унинг вакиллари томонидан таклиф қилинган сумманинг қолган қисми ҳам ўтказилмаган).
Фарзанди доридан ногирон бўлиб қолган бир гуруҳ жабрланувчилар «Газета.uz»га мурожаат қилиб, Кариевнинг вакиллари томонидан тўланган 2,5 миллиард сўм август ойида жабрланувчиларга мос равишда тақсимлаб берилганини, аммо қолган сумманинг тўлаб берилиши мавҳум қолаётганини маълум қилди. Улар фарзандларининг кейинги даволаниши учун зарур бўлган пул маблағлари ундирилмай қолиб кетишидан хавотирда.