Келажакдаги ҳамкорликни мавжуд бўлмаган пойдеворлар устига қуриб бўлмайди, дейишади. Яхшиямки, Ўзбекистон ва Чехия ўртасидаги муносабатларнинг илдизлари мустаҳкам, уларнинг асоси тарихдир. Чехиянинг Марказий Осиёдаги асосий ҳамкори бўлган Ўзбекистон келажакдаги ҳамкорлик учун улкан имкониятларга эга ва унинг бой ўтмиши бу ҳамкорлик учун илҳом бахш этади.
Буни кўпчилик билмаса керак, лекин ўтган йигирма йил давомида ҳар икки давлатнинг олимлари ва археологлари биргаликда ишладилар, Искадартепадаги қадимий қабрлар ва Пасчурт водийсидаги аҳоли пунктлари каби темир ва бронза даврига мансуб тарихий бойликларни, уларнинг яхши сақланиб қолган суғориш тизимлари билан тўлиқ кашф этдилар.
Ўтмиш бизни шакллантирса-да, келажак бизнинг эътиборимизни талаб қилади. Биз ўзимиздан олдинги ҳамкасбларимиз барпо этган мустаҳкам пойдеворга таянишга масъулмиз. Гарчи бизни минглаб километрлар ажратиб турадиган бўлса-да, халқларимиз ўртасидаги ришталар замонавий дипломатик алоқалар расмийлаштирилишидан анча олдин шаклланган чуқур илдизларга эга. Чехиялик муҳандислар, олимлар ёки тадқиқотчилар ҳиссаси бўладими, ҳамкорликнинг умумий тарихи ва ўзаро ҳурмат келажакда янада кучли шериклик учун мукаммал асос яратади.
Ўтган йил икки томонлама муносабатларимизда ҳайратланарли янги саҳифа бошланди. Бош вазир Петр Фиаланинг Тошкентга ва бош вазир Абдулла Ариповнинг Прагага амалга оширган тарихий ташрифлари шунчаки рамзий маънога эга бўлмай, кенгайтирилган ҳамкорлик тузилмасини яратишга олиб келди ва шериклик алоқаларини янги босқичга олиб чиқди. Бу Ўзбекистоннинг минтақада ягона ўзига хос хусусияти бўлиб, Марказий Осиёда Чехия билан бундай кенг қамровли келишувга эга бўлган ягона давлатлигини билдиради.
Ҳукумат даражасида яхши алоқаларга эга бўлиш бошқа нарса, аммо одамлар ўртасидаги алоқалар яхши ишламаса, бу — бефойда. Одамлар орасидаги яхши алоқалар ҳар икки томонни ҳам янги қарашлар ва ғоялар билан бойитиб бораётган жонли мулоқотлар ва ривожланаётган алоқаларни таъминлайди. Буларнинг барчаси Тошкент ва Прага ёки Карлови Вари ўртасидаги тўғридан-тўғри авиақатнов орқали осонлаштирилди.
Ташқи ишлар вазири сифатида мен ушбу ҳамкорликни мустаҳкамлашда давом этиш учун Тошкентга келдим. Бизнинг ҳамкорлигимиз турли соҳаларни — темирйўл, инфратузилма, энергетика ва бошқа соҳаларни қамраб олади.
Чехия, шунингдек, Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги алоқаларни чуқурлаштириш, жумладан, режалаштирилаётган Кенгайтирилган шериклик тўғрисидаги битимнинг қатъий тарафдори ҳисобланади.
Чехия ҳам, Ўзбекистон ҳам фаровон келажак сари интилаётган экан, биз халқларимиз ўсиши учун барқарорлик ва тинчлик зарурлигини тан оламиз. Чехия Ўзбекистон суверенитети ва ҳудудий яхлитлигининг содиқ тарафдори бўлиб, биз халқаро ҳамжамиятни БМТ Низоми ва халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилишга чақирамиз.
Суверенитет ва чегаралар дахлсизлигини ҳурмат қилиш, айниқса, Россиянинг Украинага қарши давом этаётган тажовузкорлиги нуқтаи назаридан, ҳозирги оғир дамларда ҳар қачонгидан ҳам муҳимроқдир. Биз Россияни урушни тугатишга, қўшниларига таҳдид қилишни бас қилишга ва халқаро ҳуқуқ тамойилларига қайтишга чақирамиз.
Ҳамкорлигимиздан максимал даражада фойдаланиш учун бизда ҳамма нарса бор. Шундай қилиб, келинг, ишга киришайлик. Мен бу имкониятларни ҳақиқатга айлантириш учун зарур бўлган барча нарсани таъминлашга ҳаракат қиламан, ва Тошкентга ташрифим давомида айнан шу масала билан шуғулланаман.
Келажак бизники!
Ян Липавский, Чехия ташқи ишлар вазири