«Адолатли Россия — Ҳақиқат учун» фракцияси раҳбари Сергей Миронов Россияга Ўзбекистондан келадиганлар учун виза режими жорий этиш таклифини илгари сурди. Депутат бу ҳақида Xʼдаги саҳифасида ёзиб қолдирди.
«Ўзбекистоннинг Қозон шаҳридаги бош консулхонаси ўзбекистонликларни Россия армияси сафига қўшилмасликка чақирди. Нега фарзандли бўлганда бериладиган суюнчи пулини олмасликка чақиришмади? Бошқа имтиёзлардан фойдаланмасликка-чи? Бу мумкин экан! Аммо сени боқаётган мамлакатни ҳимоя қилиш мумкин эмас экан. Виза режими жорий этиш керак! Бошқа иложи йўқ! Бундай „фуқаролар“ бизга керак эмас», — деб ёзган депутат.
Ўз навбатида, Ўзбекистон жамоатчилиги бунга муносабат билдирди. Фаоллар бундай сигналлар таҳдид эканини айтиб, бу Россия сиёсатчилари Ўзбекистонни ўзларига қарам давлат сифатида кўришини англатишини ёзган.
Жумладан, «Миллий тикланиш» демократик партияси етакчиси Алишер Қодиров ўзбеклар ҳаққини одам ўлдириб эмас, балки баракали меҳнати ёрдамида топишини айтган. Россияни эса Мироновнинг ўзи, ўғиллари, куёвлари, неваралари ҳимоя қилиши керак, дейди депутат.
«Юксалиш» ҳаракати раиси Бобур Бекмуродов ҳам ҳолат юзасидан муносабат билдириб, консуллик фуқароларни Ўзбекистонда ноқонуний ҳисобланган ҳаракатлардан ҳимоя қилишини табиий ва адолатли, деб атади. У бундай тажовузкор риторика фақат икки томонлама муносабатларга салбий таъсир кўрсатишини қайд этди.
«Биринчидан, биз ватандошларимиз бошқа давлатнинг урушларига жалб қилинишига ҳеч қачон рози бўлмаймиз. Консуллигимиз фуқароларимизни Ўзбекистонда ноқонуний ҳисобланган ҳаракатлардан ҳимоя қилиши табиий ва адолатли. Иккинчидан, Ватандошларимиз ўз меҳнатлари билан Россиянинг иқтисодиётига ҳисса қўшяпти. Ижтимоий нафақаларни инсон ҳаётига таҳдид қилувчи ҳаракат билан солиштириш саводсизлик ва аҳмоқликдир», — деб ёзади Бекмуродов ўз Telegram каналида.
Ҳолатга экология вазири маслаҳатчиси, блогер Расул Кушербаев ҳам ўз нуқтайи назарини билдирган. Жамоатчилик фаоли сиёсатчининг бу гаплари Россия томони Ўзбекистон билан алоқаларни бузиш учун баҳона қидираётганини кўрсатмоқда, деб ёзган.
«Шу ўринда жаноб Мироновга савол: агар Ўзбекистон ўз ҳудудида ишлаётган рус фуқароларини Ўзбекистон манфаати учун қаергадир урушга жўнатганида Россия дипломатик ваколатхоналари индамай туришармиди?», — дея савол берган Кушербаев.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистоннинг Қозон шаҳридаги бош консулхонаси хорижий давлат армиясига ёлланадиган Ўзбекистон фуқаролари истисносиз жиноий жавобгарликка тортилишини эслатганди. Дипломатик идора ватандошларни даъватларга берилмаслик ва эҳтиёткор бўлишга чақирган.