Молдова Марказий сайлов комиссияси президентлик сайлови бўйича протоколларнинг 98 фоиздан ортиғини ҳисоблаб чиқди. Унга кўра, амалдаги президент Майя Санду 42,09 фоиз, унинг асосий рақиби бўлган Социалистистлар партияси вакили Александр Стояногло эса 26,26 фоиз овоз олди.
Молдова қонунчилигига кўра, агар номзодларнинг ҳеч бири сайловчиларнинг ярмидан кўпининг овозини ололмаса, иккинчи тур ўтказилади, унда эса биринчи турда энг кўп овоз олган икки нафар номзод иштирок этади, дея аниқлик киритган Moldpress агентлиги. Иккинчи тур 3 ноябрь куни бўлиб ўтади.
Молдовада президентлик сайловлари билан бир вақтда мамлакатнинг Европа Иттифоқи билан интеграциясини конституциясида мустаҳкамлаб қўйиш бўйича референдум ҳам бўлиб ўтди. Бюллетенларнинг 98,65 фоизи ҳисоблаб чиқилгандан кейинги натижага кўра, сайловчиларнинг 50,17 фоизи мамлакатнинг Европа Иттифоқига аъзо бўлишни ёқлаб овоз берган, 49,82 фоизи эса қарши чиққан.
Давомат 50 фоиздан юқори бўлган сайлов ва референдумда мамлакатнинг 1,5 миллиондан ортиқ фуқароси овоз берди.
Майя Санду сайловлар ва референдумнинг дастлабки натижаларига изоҳ берар экан, Молдова «демократияга қарши мисли кўрилмаган ҳужум»га дуч келганини айтди. У «жиноий гуруҳлар»ни «душман хорижий кучлар» билан ҳамкорликда пул ва ташвиқотдан фойдаланиб овоз бериш жараёнларига таъсир ўтказишда айблади.
«Бизда жиноий гуруҳ 300 мингта овозни сотиб олмоқчи бўлганига оид далил ва маълумотлар бор. Бу демократияга путур етказиш мақсад қилган мисли кўрилмаган даражадаги фирибгарлик», — деди Санду.
- Майя Санду 2020 йилдан буён Молдова президенти лавозимида ишлаб келмоқда. У мамлакат тарихида бу лавозимни эгаллаган биринчи аёл ҳисобланади. У «Ҳаракат ва бирдамлик» партиясининг асосчиси ва собиқ раҳбари саналади. Санду Евроинтеграция тарафдори бўлиб, Молдова унинг раҳбарлигида 2022 йил февраль ойи охирида Европа Иттифоқига кириш учун ариза топширган. Июнь ойида ЕИ мамлакатнинг иттифоққа аъзо бўлиши бўйича расмий музокараларни бошлаганди.
- Александр Стояногло 2009−2014 йилларда Молдова парламенти депутати бўлган, 2019−2021 йилларда эса мамлакат бош прокурори лавозимида ишлаган.