Рақобат қўмитаси 2024 йилнинг ўтган даврида истеъмолчилардан умумий овқатланиш корхоналаридаги (ресторан, кафе, ошхона ва буфет) камчиликлар бўйича 250 га яқин мурожаатларни қабул қилган. Қўмита матбуот хизмати мурожаатларга асосан Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси билан биргаликда республикадаги 700 га яқин овқатланиш корхоналарида танланма асосида ўрганиш ўтказганини маълум қилди.

Келтирилишча, истеъмолчилар санитария-гигиена талаблари бузилиши, нархларни ошириб қўллаш ҳамда таомномаларнинг давлат тилида тақдим этилмаётгани юзасидан шикоят қилмоқда.

Олиб борилган ўрганишларда, умумий овқатланиш субъектлари истеъмолчиларга хизмат кўрсатишда овқат тайёр бўлиш вақти, нархи ва тўлаш шартлари ҳақида тўғри тушунарли маълумот тақдим этмаган. Таомномаларда тайёр овқатларнинг ҳажмлари кўрсатилмаган, йўл бўйида санитар қоидаларига номувофиқ жойларда овқат тайёрланган, шунингдек, тайёр овқатни етказиб бериш, ташиш ва сақлашда муаммолар кузатилган.

Шунингдек, ўрганиш ишларида қамраб олинган 700 га яқин умумий овқатланиш корхоналарининг:

  • 524 тасида — (75%) таомнома давлат тилида эмас;
  • 480 тасида — (69%) иш режими кўрсатилмаган;
  • 449 тасида — (65%) нархномалар мавжуд эмас;
  • 429 тасида — (62%) автотураргоҳлар мавжуд эмас;
  • 519 тасида — (74,6%) фавқулодда вазиятлари учун чиқиш йўлаклари мавжуд эмаслиги аниқланган.

Рақобат қўмитаси юқоридаги аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан ваколатли органларга (Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси ва Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигининг Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида назорат инспекцияси) тегишли тартибда маълумотлар киритди.

Қўмита умумий овқатланиш корхонасида қоида ва талаблар бузилишига оид муаммолар учраса, Рақобат қўмитасининг ягона ишонч (1159) рақамига мурожаат қилишни сўрамоқда.