Шавкат Мирзиёев маиший чиқиндиларни қайта ишлаш, улардан электр энергияси ва маҳсулотлар ишлаб чиқариш лойиҳалари тақдимоти билан танишди.

Давлат раҳбари матбуот хизмати хабарига кўра, Ўзбекистонда йилига 14 миллион тонна чиқинди ҳосил бўлади, бироқ бу ҳажмнинг атиги 4−5 фоизи қайта ишланади. Бундан ташқари, чиқинди майдонларида ҳосил бўлган 7 миллион тоннадан ортиқ иссиқхона газлари атмосферага чиқиб, 43 минг тонна заҳарли фильтратлар ер остига сингади.

»газни

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги томонидан хорижий инвесторлар билан ҳамкорликда қатор лойиҳалар ишлаб чиқилди. Қарийб 1 миллиард 300 миллион долларлик инвестицияларни жалб этган ҳолда, 8 та чиқинди ёқиш заводи қуриш ҳамда Оҳангарон полигонида чиқинди газини қайта ишлаш режалаштирилган.

Масалан, Хитойнинг CAMC Engineering компаниясининг 350 миллион долларлик тўғридан-тўғри сармоялари ҳисобига Андижон ва Тошкент вилоятларида иккита завод қуриш режалаштирилган. Уларда кунига 4 минг тонна чиқинди қайта ишланиб, йилига 630 миллион кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилади.

Хитойнинг яна бир компанияси — Shanghai SUS Environment тўғридан-тўғри 310 миллион доллар сармоя киритиб, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларида иккита завод қуришни режалаштирмоқда. Уларда кунига 3 минг тонна чиқинди қайта ишланиб, йилига 480 миллион кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилади.

БААнинг Tadweer Group компаниясининг 200 миллион доллари ҳисобидан Бухоро ва Навоий вилоятлари учун биттадан завод қуриш режалаштирилган. Кунига 1500 тонна чиқиндиларни қайта ишлаш ва йилига 363 миллион кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқариш қувватлари яратилади.

Чиқинди ёқиш заводлари саноат ва қаттиқ маиший чиқиндиларни қозонларда ёки печларда термал парчаланиш орқали қайта ишлаш технологиясидан фойдаланади. Шу билан бирга, ёниш иссиқлигидан фойдаланиб, иссиқлик ва электр энергияси ишлаб чиқарилади.

Жанубий Кореянинг Sejin компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳа Тошкент вилоятининг Охангарон туманидаги маиший чиқиндилар полигонида ҳосил бўладиган газдан муқобил электр энергияси ишлаб чиқариш учун 55 миллион доллар жалб этишни назарда тутади. Унинг қуввати 16 МВт бўлиши кутилмоқда.

«Умуман, лойиҳалар натижасида қаттиқ маиший чиқиндилардан оқилона фойдаланиш таъминланади. Йилига 4,7 миллион тоннадан ортиқ чиқинди ёқилиб, 2 миллиард 100 миллион киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқарилади. 97 миллион АҚШ доллари қийматидаги электр энергияси сотилади. Шунингдек, булар орқали 152 миллион метр куб табиий газ иқтисод қилинади ҳамда 2,4 миллион тонна иссиқхона газлари камаяди. 1 минг 200 та янги иш ўрни яратилади», — дейилади хабарда.

Лойиҳаларни 2025−2027 йилларда Андижон, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Наманган, Самарқанд, Сирдарё, Фарғона, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳрида амалга ошириш режалаштирилган.

Давлат раҳбари лойиҳаларнинг ижтимоий аҳамиятини алоҳида таъкидлади.

«Булар шунчаки завод эмас, ҳаёт-мамотимизни ҳал қиладиган масалалардан бири. Ер-сувларимизнинг яроқлилиги ҳам, аҳоли саломатлиги ҳам, ҳаво тозалигию энергетика барқарорлиги ҳам шу соҳага боғлиқ. Чиқиндилар тўғри тўпланиб, кўпроқ қайта ишланса, экологик мувозанат яхшиланади, табиат тоза бўлади, жамият ўзгаради», — деди Шавкат Мирзиёев.

Давлат раҳбари мазкур лойиҳаларни намунали қилиш, ҳудудларда уларнинг сонини кўпайтириш бўйича масъулларга топшириқлар берди.

Қайд этилишича, қурилиш материаллари ва органик ўғитлар ишлаб чиқарувчи янги корхоналарни чиқиндиларни қайта ишлаш корхоналари яқинида жойлаштириш мақсадга мувофиқ — бу тадбиркорга ҳам, инвесторга ҳам фойдали бўлади.

Шавкат Мирзиёев барча ҳудудларда бундай лойиҳаларни кўпайтириш ва мутаносиб ривожлантириш бўйича «йўл харитаси»ни ишлаб чиқиш вазифасини қўйди.

Президентнинг 26 сентябрдаги фармони билан Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги ташкил этилди. Унда чиқиндиларни йиғиш, саралаш, зарарсизлантириш, қайта ишлаш, ёқиш, утизилация қилиш ва йўқ қилишнинг замонавий усуллари жорий этилади.

Бу соҳада циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш ҳисобига экологик вазият барқарорлашади, санитар ҳолат яхшиланади, аҳолига хавфли касалликлар юқиши камаяди. Чиқиндилар қайта ишланиб, муқобил энергия, хомашё ва органик ўғит олинади. Мавжуд чиқинди полигонлари ҳудудида экосаноат зоналари ташкил этилади.