Ўзбекистоннинг жорий ҳафта об-ҳавосини Каспий денгизи устидан минтақага кириб келиши кутилаётган ғарбий нам ҳаво оқимлари белгилайди. Мазкур нам ҳаво оқимининг келиб чиқиши Атлантика океанига боғлиқ бўлиб, у ерда юзага келган «Кирк» циклони Европа орқали Россиянинг шимоли-ғарбий қисмларига таъсир қилиши керак эди. Аммо, у ўз йўналиши ўзгартириб, шу ўринда «қуввати»ни ҳам камайтириб, Қора денгиз орқали Каспий денгизи устидан ва бизнинг минтақага ғарбий нам ҳаво оқимлари кўринишида кириб келадиган бўлди.

Бу ҳаво оқими республиканинг кўплаб ҳудудларига ҳафтанинг иш кунларида вақти-вақти билан ёғинлар улашади. Аммо, ёғинларнинг умумий миқдори ўтган сафарги ғарбий нам ҳаво оқимидаги каби кўп бўлмайди. Шунингдек, мазкур нам ҳаво оқими совуқ ҳарорат фонида минтақани кучли совитмайди ҳам.

Манба: NASAМанба: NASA

«Ўзгидромет» прогнозларига кўра, 22 октябрь куни Сурхондарё ва водий вилоятларидан ташқари бошқа вилоятлар, 23 октябрда Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятларида ёғингарчилик кутилмайди. Бошқа кунлари республика бўйлаб 25 октябрга қадар вақти-вақти билан турли хил миқдорда ёғингарчиликлар кутилади. 25 октябрь куни республиканинг катта қисмида яхшигина ёғингарчилик бўлиши прогноз қилинган. Тоғларда эса 23 ва 25 октябрь кунлари кучли ёғингарчилик бўлиши кутилмоқда.

Ёғинлар жойларда асосан суюқ ҳолда, яъни ёмғир кўринишида, фақат тоғ ва республика шимолида қор кўринишида ёғиб ўтиши мумкин. Ҳафта давомида республика ҳудудлари асосан нам ҳаво оқими таъсирида бўлгани учун ҳарорат режимида тўсатдан ҳароратнинг кескин пасайиб кетиши кузатилмайди. Аксинча, тунги ва кундузги ҳаво ҳарорати ўртасида фарқлар жуда кам бўлади. Яъни, аҳоли ҳафта давомида кундуз кунлари ҳароратнинг кескин кўтарилиб, тунда эса, аксинча, сезиларли пасайиб кетишига деярли гувоҳи бўлмайди.

Шунга қарамай, ҳафта давомида Сурхондарёда ҳаво ҳарорати кундуз кунлари +17… +22 даража, бошқа вилоятларда — ҳафта бошидан ўртасига қадар пасайиб бориш тамойили билан — шимолда +10 даражадан, водий вилоятлари ва Қашқадарёда +22 даражагача ўзгариб туради. Тоғларда эса ҳафта давомида кундуз кунлари +6…+11 даража илиқ бўлади.

Республика бўйлаб асосий сезиларли салқинлик 24−25 октябрь кунларига тўғри келади. Тунда фақат шимолда ва баланд тоғларда ҳаво ҳарорати +0…+5 даража, Бухоро ва Навоий вилоятлари ҳамда тоғли ҳудудларда +4…+9 даража, бошқа ҳудудларда эса +8…+13 даража илиқ атрофида бўлади.

Дам олиш кунлари эса ҳаво ҳарорати бироз кўтарилади. Аммо бу ҳаво исиб кетади, дегани эмас — кутилаётган ҳарорат муҳитида ҳатто жанубий вилоятларда ҳам ҳаво ҳарорати кундузи нари борса +17…+22 даражагача илиқ бўлиши мумкин.

иқлим, иқлим шарҳи, об-ҳаво, эркин абдулаҳатов, ҳафталик об-ҳаво

Оддий қилиб айтганда, жорий ҳафтанинг боши ҳамда дам олиш кунларида салқин, ҳафта ўрталарида эса совуқ об-ҳаво муҳити кутилади. Бу ҳафтада кетма-кет булутли кунларга гувоҳи бўлиш мумкин, вақти-вақти билан ёғингарчилик ҳам бўлади. Жаҳон иқлим моделларига кўра, 20−27 октябрь оралиғида Орол денгизи акваторияси, Ҳисор тоғ тизмаларида яхшигина ёғинлар, Сирдарё, Жиззах, Тошкент вилояти ҳамда водий вилоятларида ҳам ижобий ёғинлар кузатилиши мумкин. Аммо, бу ўтган сафарда (14−16 октябрь кунларида)ги каби ёғин аномалияларини келтириб чиқармайди.

Манба: ECMWF иқлим моделиМанба: ECMWF иқлим модели

Нам ҳаво оқимлари кириб келиши кутилаётган 22 ва 25 октябрь кунлари чўлларда ва жанубий вилоятларда кучли шамоллар кузатилиши мумкин. Шамоллар тезлиги у қадар юқори хавф-хатар келтириб чиқарувчи кучга эга бўлмайди — шамол тезлиги кўпи билан сониясга 20 метрга етиши прогноз қилинмоқда.

Ҳарорат режими ва тез ўзгарувчан об-ҳаво муҳитининг инсон саломатлигига таъсири

Ҳафта давомида республика аҳолиси циклонал омил ва серотонин гормон етишмаслиги билан боғлиқ қуёшсиз куз ҳавоси таъсирига тушади. Циклонал таъсирлар, масалан, ёмғир ёғишидан олдин оёқ-қўли оғриб қоладиган кишилар циклон об-ҳаво муҳитини инсон организмига таъсирини камайтиришда аввалги материалдаги тавсияларга амал қилишлари керак.

22 ва 25 октябрь кунлари қон босими билан оғриган беморлар атмосфера босимининг кескин ўзгаришлари таъсирларига тушиши мумкин. Аммо бу сафарги «барик тубсизлик» атамаси билан тушунтираладиган атмосфера босимининг кескин ўзгариши омили инсон ички қон босими ўзгаришларига сезиларли таъсир кўрсатиш кучига эга эмас. Шундай бўлишига қарамай, қайд этилган саналарда қон босими бор кишилар ўзларини ортиқча уринтирмасликлари тавсия этилади.

Ҳафтанинг иш кунлари кишиларда асосан булутли кунларнинг кўпайиши фонида серотонин гормон етишмаслиги рўй бериши мумкин. Бу аҳолининг кўпчилигида кундалик иш фаолиятига таъсир кўрсатиши инобатга олинса, серотонин етишмаслиги ҳақида тўлиқроқ маълумот бериб бориш мақсадга мувофиқдир.

Серотонин етишмаслиги — танада муҳим нейроҳужайраларни балансда ушлайдиган серотонин даражасининг пасайиши ёки етишмаслигидан келиб чиқадиган ҳолатдир. Серотонин мия фаолиятида муҳим роль ўйнайди ҳамда кайфият, уйқу, иштаҳа, ҳиссиётлар каби жараёнларни бошқаришга ёрдам беради. Серотонин етишмаслиги одатда қуйидаги симптомлар билан намоён бўлади: депрессия, ташвиш, уйқусизлик, иштаҳа ўзгариши, тез чарчаш, умумий ланжлик, когнитив функция бузилиши (эътибор қаратиш қобилияти пасайиши).

Тавсиялар. Серотонин гормони етишмаслиги олдини олиш учун овқатланиш рационига тухум, ёнғоқ, гўшт маҳсулотлари ва лосось балиғи қўшиш керак. Мунтазам жисмоний машқлар ҳам серотонинни оширади. Энг асосий тавсия — офтоб булутлар орасидан «мўралаган» вақтларда имкон қадар унинг тафтидан баҳра олишга интилиш керак. Шунингдек, шифокор маслаҳати билан серотонинни кўпайтирувчи витаминлар ичиш ҳам мақсадга мувофиқдир.

Биоиқлимий шароитлар

Жорий ҳафта кузнинг хазонрезги мавсуми учун хос кийимларни кийиб юриш тавсия этилади. Ҳафта боши ва сўнггида республиканинг аксарият қисмида яшовчи аҳоли кундузи қалин кийим кийиб юришга кўп ҳам эҳтиёж сезмаса-да, ҳафта ўрталарида қалинроқ кийиниб олишга тўғри келади. Ҳафта давомида тунги ва тонгги муддатларда қалин кийимларни кийиш, ҳар эҳтимолга қарши соябон олиб юриш, сув ўтказмайдиган пойабзал кийиш тавсия этилади. Умуман, ҳафта давомида жанубий вилоятлардан бошқа бирор жойда кундузги вақтда ҳам енгил кийиниб юришга имкон берадиган об-ҳаво муҳити кузатилмайди.

Кузги сайр-саёҳатларни хуш кўрувчилар учун жорий ҳафта айни муддао — тоғ этаклари ва йирик шаҳарларда дарахтлар кузги олтин рангларга бурканиб, булутли манзара билан бирга кўпчиликка эстетик завқ улашади.

Космик таъсирлар

Қозоғистондаги Ионасфера институтининг жорий ҳафта иш кунлари учун тақдим этган геомагнит бўрони прогнозига кўра, аҳоли ҳафта давомида кучли геомагнит бўронларидан безовталанмайди. Фақат 22 октябрь куни геомагнит бўрони қўзғалишининг «ўртача», яъни кишиларда унинг таъсиридан бироз безовталаниш билан боғлиқ 3−4 баллик геомагнит бўрони бўлиши прогноз қилинган.

Манба: ionos.kzМанба: ionos.kz

Бу каби прогнозларнинг ўзини оқлаш даражаси анча пастлигича қолмоқда. Қуёш ўзининг ҳар 11 йилликдаги энг фаол чақнашлари даврида турибди ҳамда Қуёшда тўсатдан Х ва М синфли чақнашлар сони кузатилиши билан унинг коронал массасини Қуёш шамоллари орқали сайёрамиз юқори атмосферасига 2−3 суткада етиб келишига ва сайёрада «кучли», «жуда кучли» ва ҳаттоки «экстремал» геомагнит бўроналарини келтириб чиқариши мумкин. Ҳозирда магнит бўронларини 2 кундан ортиқ сана учун ишончли прогноз қиладиган ечимлар мавжуд эмас.

Тавсиялар. Магнит бўронига таъсирчан аҳоли қатлами бўрон вақти жисмоний зўриқишлардан қочиши, кўпроқ дам олиши, ортиқча овқатланмаслиги, спиртли ичимликлар ичишдан тийилиши мақсадга мувофиқ. Шифокорлар бундай пайтда кўпроқ сув истеъмол қилишни ҳам тавсия этади.

Об-ҳаво ўзгаришлари билан боғлиқ атмосфера ифлосланиши

Ҳафта давомида кузатиладиган булутли ва нам об-ҳаво шароити йирик шаҳарлар, хусусан, пойтахтда ҳавони ифлослантирувчи моддаларнинг кенг тарқалиши учун қулай ҳисобланмайди. Фақат ҳафта бошланишида ва жума куни нам ҳаво оқимлари кириби келишидан олдин ҳаво ифлосланиши даражаси ортиши мумкин. Лекин бу вақтинча ифлосланиш бўлиб, унинг ортидан кутилажак ёғинлар ҳаводаги чангни тезда босади.

Чўллар ва жанубий вилоятларда эса ҳафтанинг сешанба ва жума кунлари фронтолди шамоллари чанг тўзонларни келтириб чиқариши ва ҳавода айнан чанг омили ҳисобига кучли ифлосланиш юз бериши мумкин. Бундай пайтда қандай ҳаракат қилиш лозимлиги борасида Санитария-эпидемиология қўмитаси аҳолининг турли ёш қатламлари ва беморлар учун тавсиялар тайёрлаган.

Шундай қилиб, жорий ҳафтанинг ҳафтанинг об-ҳаво бўйича энг қулай кунлари душанба ва шанба бўлиб, иқлимий ўзгаришларига мойил кўпчилик шу кунларда ўзини анча енгил ҳис қилади.