21 октябрь куни президент Шавкат Мирзиёев «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси бўйича қилинган ишлар натижасини муҳокама қилди. Президент матбуот котиби Шерзод Асадов йиғилишда айтилган маълумотларни эълон қилди.

Ўзбекистонда ҳар йили 200 миллион дарахт ва бута экиб, яшилликни 2030 йилгача 30 фоизга етказиш режа қилинган. Келтирилишича, 2020 йилда яшиллик даражаси 8 фоиз эди, ҳозир 12 фоиз. Оролбўйида яшил қоплама 2 миллион гектардан ошди.

2024 йил баҳорда 138 миллион дона кўчат экилди, йил бошидан 10 минг гектардан зиёд «яшил белбоғ», 257 та «вазирлик» ва «ҳокимлик» боғлари яратилди. «Менинг боғим» лойиҳаси доирасида бюджетдан 49 миллиард сўм берилиб, маҳаллаларда 215 та янги боғ яратилмоқда, дейилади хабарда.

Президент яшиллик даражасини ошириш бўйича ислоҳотларни кўп ҳокимлар тушуниб етмаётганини айтди. У баҳор мавсумида 28 та туман дарахт экишда режани бажармаганини танқид қилди. Иқлим шароитини ҳисобга олмасдан, сув йўқ жойларга дарахт экилгани учун минглаб туп дарахт кўкармаган, деди Шавкат Мирзиёев.

Масалан, суғориш тизими йўқ жойга Тошкент шаҳрида 322 минг, Самарқандда 96 минг, Тошкент вилоятида 67 минг, Қорақалпоғистонда 61 минг, Бухорода 24 минг, Навоийда 15 минг кўчат экилган.

Ҳисоботга қўшиб ёзиш энг кўп Бухоро, Тошкент, Андижон, Сурхондарё, Самарқанд вилоятларида ва Тошкент шаҳрида қайд этилган.

Шу муносабат билан Бош прокуратурага соҳадаги назоратни кучайтириш топширилди.

Шавкат Мирзиёев ҳар бир ҳоким, вазир, ташкилотларга қаерга, қанча кўчат экиш, эгаси, жойи, суви ва маблағи билан аниқ белгилаб беришни топширди. Мутасаддилар бунинг ижроси бўйича қатъий сўров бўлиши ҳақида огоҳлантирилди.