Тошкент ҳайвонот боғи ташкил этилганига 2024 йилнинг 24 октябрь куни 100 йил тўлади. Шу муносабат билан 19−20 октябрь кунлари Тошкент Фотосуратлар уйида «Тарих объективида» номли фотокўргазма бўлиб ўтди.

Шаҳар ҳайвонот боғи 1924 йили Ўрта Осиё Давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети) зоологлари ташаббус билан собиқ Туркистон генерал-губернаторининг шаҳар ташқарисидаги дала-ҳовлисидаги ҳайвонот бурчаги негизида ташкил этилган. 1940 йиллар охирига келиб, ҳозирги Экопарк ўрнида бўлган ушбу ҳайвонот боғида 200 дан ортиқ ҳайвон турлари жамланади.

1994−1997 йилларда эса Тошкент Ботаника боғининг бир қисмида янги Ҳайвонот боғи қурилади ва у 1997 йил 1 сентябрда очилади. Илк ташкил этилган вақти — 100 йил аввал 4 гектардан ҳам кичикроқ бўлган зоопарк бугун 21,5 гектар майдонни эгаллаган ҳамда 336 тур ва 8 мингдан ортиқ жонзотни ўз бағрида сақлаб келмоқда.

Фотосуратлар уйида Тошкент ҳайвонот боғининг турли фотографлар томонидан олинган 100 дан ортиқ суратлари қўйилган. Экспозициянинг биринчи қисмида зоопаркнинг қурилиши тарихи, унда яшаган жониворлар ва ишлаган ходимларнинг оқ-қора суратлари жамланган бўлса, иккинчи қисмида фоторассом Александр Жудро томонидан олинган замонавий фотолар қўйилган.

Бугун Тошкент ҳайвонот боғида 14 турга мансуб 31 маймунни учратиш мумкин. Улар орасида Цезарь лақабли 6,5 ёшли орангутан алоҳида эътиборга молик. У 2019 йили контрабандачилар томонидан бошқа давлатга ноқонуний ўтказилаётган пайтда ушлаб қолиниб, вақтинча сақлаш учун Тошкент ҳайвонот боғига топширилган эди. Шундан бери Цезарь Тошкент зоопаркининг эркатойларидан бири.

Боғда мушуксимонларнинг хилма-хилларини, кичик ва катталарини учратиш мумкни. Улар орасида Жонни ва Наоми лақабли 4 ёшли оқ шерлар алоҳида ажралиб туради. Ўз севги тарихига эга икки ноёб шернинг Жанубий Африкадаги питомниклардан олиб келингани кўп бўлгани йўқ.

Боғда оқ шерлардан ташқари оқ йўлбарслар ҳам бор. Бир оиладек бўлиб қолган Фуфуня ва Будур лақабли бу йўлбарслар ҳам Жанубий Африкадан олиб келинган. Умуман, Тошкент ҳайвонот боғида тўртта йўлбарс бор.

Шунингдек, Тошкент ҳайвонот боғи икки хил турга мансуб жами 6 та айиқни ҳам ўз бағрида парвариш қилмоқда. Суратда одамлардек ўйга толиб ўтирган Слава лақабли Ҳимолай айиғи 2014 йили Хабаровск (Россия) ҳайвонот боғида туғилган. Ўша йил ноябрида эса Тошкентга олиб келинган.

Тошкент ҳайвонот боғининг яна бир арзандаси, аниқроғи, маликаларидан бири — Путри лақабли 23 ёшли фил. У 2004 йили Малайзиядан олиб келинган. Ўша вақтларда унинг ўз шаҳзодаси — Путра лақабли эркак фил ҳам бўлган, аммо у 10 йил аввал миокард инфаркти сабаб нобуд бўлган.

Фотосуратчи Марварида Исроилова Тошкент ҳайвонот боғининг 100 йиллигига бағишланган «Тарих объективида» кўргазмасида бўлиб, ундан «Газета.uz» учун лавҳалар тайёрлади.