Самарқанд вилояти Қўшработ туманида газ портлаши оқибатида эр-хотин ва уларнинг ўғли ҳамда қизи вафот этганди. Бош прокуратура матбуот хизмати ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди.
Ҳодиса 22 октябрь куни соат 6:30 лар атрофида туман марказидаги Мустақиллик маҳалласида, икки қаватли уйнинг 2-қаватидаги хонадонлардан бирида содир бўлган. Портлашга хонадонда газ тўпланиб қолиши ва хонадон эгаси буни билмаган ҳолда чироқни ёқиши сабаб бўлган.
Қўшнилардан бири тонгда кучли портлаш овозини эшитганини, ташқарига чиқиб, кучли ёнғин бўлаётганини кўрганини маълум қилди. Унга кўра, ҳеч қандай ёрдам беришнинг имкони бўлмаган.
БП матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов ҳолат юзасидан туман газ таъминоти бўлими мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 207 (Мансабга совуққонлик билан қараш) ва 259 (Ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш) моддалари билан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.