21 октябрь куни президент томонидан болаларга нисбатан оиладаги (маиший) зўравонлик содир этганлик учун жавобгарлик белгилаш назарда тутилган қонун [ЎРҚ-978-сон] имзоланди. Бу ҳақда «Ҳуқуқий ахборот» Telegram канали хабар қилди.
Ҳужжат Қонунчилик палатаси томонидан 16 июль куни қабул қилинган. Сенат томонидан 20 сентябрда маъқулланган.
Қонунга кўра, Жиноят кодексига ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига болаларга нисбатан оилавий зўравонлик содир этганлик учун жавобгарликни назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексининг оиладаги (маиший) зўравонлик тўғрисидаги 126−1-моддаси болага нисбатан оиладаги (маиший) зўравонлик қилганлик учун жавобгарлик билан тўлдирилди.
Амалдаги нормада эр-хотин ёки оилада бирга яшовчи бошқа шахсларга нисбатан оиладаги (маиший) зўравонлик қилганлик учун жиноий жавобгарлик назарда тутилган бўлсада, бу ҳаракатларни болага нисбатан содир этганлик учун жавобгарлик назарда тутилмаган эди.
Шунингдек, Жиноят-процессуал кодексининг 583-моддаси «Оилавий (маиший) зўравонлик билан боғлиқ ишлар юзасидан ярашув тўғрисидаги ариза суд муҳокамасининг исталган босқичида, аммо суд алоҳида хонага (маслаҳатхонага) киришидан олдин берилиши мумкин» мазмунидаги иккинчи қисм билан тўлдирилди. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда ҳам болага нисбатан оилавий (маиший) зўравонлик қилганлик учун жавобгарлик белгилаш назарда тутилмоқда.