2024 йил бошидан буён 888 килограмм гиёҳвандлик воситалари Ўзбекистонга олиб кирилишининг олди олинди. Бу ҳақда Божхона қўмитаси ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, ҳисобот даврида 406 минг дона психотроп ва кучли таъсир этувчи моддалар, 59 млрд сўмлик тамаки маҳсулотлари ҳамда 34 та қурол, 1187 та ўқ-дорилар ушлаб қолинган.
Шунингдек, хавфларни бошқариш ва яширин иқтисодиётга қарши курашиш борасида 757 миллиард сўмлик товарларнинг ноқонуний ҳаракатига чек қўйилди. Чегараларда 356 миллиард сўмлик ноқонуний товарлар далилий ашё сифатида олинди.
Таъкидланишича, Ўзбекистон иқтисодий хавфсизлигини таъминлаш борасида 10 мингдан ортиқ тадбиркорларга 38 триллион сўм божхона тўловларидан имтиёз ва преференциялар қўлланилди. 5 триллион сўм божхона тўловларини кечиктириб тўлашга рухсат берилди.
Ўтган 9 ой давомида расмийлаштирилган 754 мингта божхона юк декларацияларининг 15 фоизи инсон омилисиз автоматик равишда расмийлаштирилди, экспортда бу кўрсаткич 41 фоизга етди, дейилади қўмита хабарида.