Соғлиқни сақлаш вазири вазифасини бажарувчи Асилбек Худаяров Тошкентда ўтаётган «Халқаро ҳамкорлик ташаббуслари ҳафталиги» доирасида 21 октябрдаги тадбирлардан сўнг журналистлар билан бўлган мулоқотда «Док-1 Макс» иши оқибатида ногирон бўлиб қолган болаларга «давлат томонидан кафолатланган тиббий ёрдам» кўрсатилаётганини айтганди.
Фарзанди 2022 йил декабрь ойида «Док-1 Макс»дан заҳарланган ва 65 кун комада ётган 5 ёшли Алибек Ўктамовнинг отаси Феруз Нуритдиновнинг «Daryo.uz»га айтишича, вазир жамоатчиликка ёлғон маълумот берган.
«Ўша вазир ҳам, унинг ходимлари ҳам, ҳатто давлатнинг бирорта шифохонаси шифокорлари ҳам бирор марта ўғлимнинг ҳолидан хабар олмаган-ку. Қандай қилиб кўмак бераётган экан? Ҳатто уйимнинг эшиги қайси томонга очилишини билмай туриб, биз ногирон бўлиб қолган болаларни даволаяпмиз, кўмак беряпмиз дейишга уялмадими? Ўша вазирдан сўранг-чи, доримас, бирорта шприц берганмикан? Вазир бундай ёлғон гапириб турса, ундан пастдагилардан нима кутайлик?», — дейди Феруз Нуритдинов.
Унинг айтишича, вазирнинг бу гапидан сўнг кўпчилик ота-оналар вазир билан кўришиш ниятида юрибди.
Жабрланувчининг айтишича, у фарзандини даволатиш учун айни кунга қадар сотилган уйи ва яқинларидан олинган қарзлари эвазига тўпланган катта миқдордаги маблағини сарфлаб бўлган. Шунга қарамасдан, унинг фарзанди гапиролмайдиган, юролмайдиган ногиронга айланган.
«Док-1 Макс» иши билан боғлиқ жараён ҳақида
Ўзбекистонда 2022 йил охирида Ҳиндистоннинг Marion Biotech компанияси томонидан ишлаб чиқарилган «Док-1 Макс» ва «Амбронол» дори воситаларидан болаларнинг заҳарланиши кузатилган ва бунинг оқибатида, расмий маълумотларга кўра, 68 нафар бола вафот этган ва камида 18 нафар бола ногирон бўлиб қолган.
Ушбу ҳолат бўйича 2023 йил августида бошланган ва ярим йил давом этган суд жараёни якунида дори истеъмолидан вафот этган 68 нафар марҳум ва соғлиғи ўта оғирлашган 4 нафар боланинг қонуний вакилларига 1 миллиард сўмдан, аҳволи қониқарли бўлган 4 нафар боланинг қонуний вакилларига 500 млн сўмдан, соғлиғи яхшиланган 8 нафар боланинг қонуний вакилларига 200 млн сўмдан маънавий зарар ундирилиши белгиланган.
Кейинчалик, 2024 йил апрелида бошланган апелляция шикоятларини кўриб чиқиш жараёнида судланувчилардан бири, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг собиқ раҳбари Сардор Кариев учун унинг онаси Мунира Кариева 75,6 млрд сўм миқдоридаги маънавий зарарни қоплаб бериш таклифи билан чиқди ва апелляция судининг якуний қарори чиққунига қадар 2,5 млрд сўмни суд депозитига ўтказди.
Якунда суд, хусусан, ушбу 2,5 млрд сўмни жабрланувчиларнинг қонуний вакилларига тақсимлаш тўғрисида қарор чиқарди (апелляция якунида биринчи инстанция судининг ҳукми ўзгаришсиз қолдирилиб, Сардор Кариев фойдасига қарор чиқмагани учун, унинг вакиллари томонидан таклиф қилинган сумманинг қолган қисми ҳам ўтказилмаган).
Фарзанди доридан ногирон бўлиб қолган бир гуруҳ жабрланувчилар «Газета.uz»га мурожаат қилиб, Кариевнинг вакиллари томонидан тўланган 2,5 миллиард сўм август ойида жабрланувчиларга мос равишда тақсимлаб берилганини, аммо қолган сумманинг тўлаб берилиши мавҳум қолаётганини маълум қилди. Улар фарзандларининг кейинги даволаниши учун зарур бўлган пул маблағлари ундирилмай қолиб кетишидан хавотирда.