Ижтимоий тармоқларда Қашқадарёда 7 ёшли қиз унга нисбатан уятсиз бузуқ ҳаракатлар қилган эркак устидан шикоят қилгани акс этган видео тарқалди. Болалар омбудсмани ҳолат бўйича тергов ҳаракатлари кетаётганини маълум қилди.
Видеотасвирларда вояга етмаган қиз йиғлаб, холасига бўлган ҳодисани айтиб берганини кўриш мумкин.
«Дадам иштонимни ечди, қўлимни орқага қилиб, оғзимга уятсиз қилиқ қилди. Кейин мен „Мен сизнинг хотинингиз эмасманку“ дедим… Ойимга „ишга чиқманг, дадам менга уятсиз қилиқ қилади“ дедим. Бу ишни ҳар доим ойим ишга кетганда қилади. „Агар кимдирга айтсанг, сени ўлдираман“ дейди», — дея йиғлаб айтади 7 ёшли қизалоқ.
Аниқланишича, 2024 йил 12 октябрь куни Қарши шаҳрида яшовчи аёл ИИВнинг 102 рақамли телефонига ҳолат юзасидан мурожаат йўллаган. У 2021 йилдан бери бирга яшаб келаётган эри унинг 2017 йилда туғилган қизига нисбатан жинсий зўравонлик ҳаракатларини қилгани тўғрисида хабар берган.
Ҳолат юзасидан Қарши шаҳар ИИБ ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими дарҳол терговга қадар текширув бошлаб, кечиктириб бўлмайдиган тергов ҳаракатларини олиб борди, дейилади хабарда.
Болага нисбатан тегишли суд-тиббиёт экспертизаси тайинланган. Болалар омбудсмани бола манфаатлари нуқтаи назаридан ҳолатни кузатиб бориши ва қўшимча маълумот берилишини маълум қилди.