Тошкентдаги меҳмонхонада 20 октябрь куни уч киши, шу жумладан, икки Россия фуқароси ўлик ҳолда топилди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов «Газета.uz»га маълум қилди.

Сешанба куни «Baza» Telegram канали «Караман палас» меҳмонхонасида «Профиль» журналида ишловчи ва «Lenta.ru»да штатдан ташқари мухбир бўлган россиялик Инесса Паперная (1977 йилда туғилган) ва унинг дўсти (1979 йилда туғилган) вафот этгани ҳақида хабар берди. Ўзбекистон бош прокуратураси маълумотни тасдиқлади.

Бундан ташқари, идора маълум қилишича, меҳмонхонанинг бошқа хонасидаги ҳаммомда Ўзбекистон фуқароси (1976 йилда туғилган) ўлик ҳолда топилган.

Дастлабки суд-тиббий экспертиза хулосасига кўра, уч кишининг ўлимига номаълум этиологияли заҳарланиш сабаб бўлган.

Ушбу ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 186-моддаси 4-қисми «а» банди (Хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган ишларни бажариш ёки хизматлар кўрсатиш одамлар ўлимига сабаб бўлса) бўйича жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

«Baza» хабарига кўра, ҳалок бўлганлар ҳовуз тозалангандан кейин вентиляция тизимига кирган газдан заҳарланган бўлиши мумкин.