Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигида 22 октябрь куни бўлиб ўтган тадбирда пара енгил атлетика бўйича паралимпия чемпиони Асила Мирзаёрова агентликнинг ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича махсус вакили сифатида таништирилди. Бу ҳақда агентлик директорининг биринчи ўринбосари Шаҳноза Мирзиёева Instagram`даги саҳифасида хабар берди.

«Агентлигимиз оиласига яна бир паралимпия чемпиони қизимиз келиб қўшилди. Биз Асила билан Парижда бирга ишлашни ният қилган эдик. Бугун шу ниятимиз амалга ошди: Асила Мирзаёрова агентлик махсус вакили бўлди. Агентлик оиласига хуш келибсиз, Асила!» — дея таъкидлади у.

«Асила Ногиронлиги бор шахслар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланади. Энди бизнинг жамоамизда Диёра ва Асила каби чемпион қизларимиз бор. Мен ишонаман: биз янада кучли бўлдик ва янги юксак марраларни биргаликда забт этамиз!» — деди Шаҳноза Мирзиёева.

Тадбирда сўзга чиққан паралимпияда чемпиони билдирилаётган юксак ишонч учун ўз миннатдорчилигини билдириб, агентлик махсус вакили бўлишга рози бўлганининг сабабини изоҳлади.

«Мен учун ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича махсус вакил сифатида иш бошлаш катта шараф ва масъулият. Бу вазифа менга ногиронлиги бўлган инсонлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва тенг имкониятлар яратишга ўз ҳиссамни қўшиш имкониятини беради. Паралимпия спортчиси сифатида мен жисмоний ва ижтимоий тўсиқларни қандай енгишни биламан ва ҳар бир инсон жамиятнинг тенг ҳуқуқли аъзоси бўлиши керак, деб ишонаман», — дейди Мирзаёрова.

Таъкидланишича, спортчи махсус вакил сифатидаги янги вазифасида давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорлик қилиб, инклюзив муҳит яратишда ўз ҳиссасини қўшишидан мамнунлигини алоҳида қайд этган.

Эслатиб ўтамиз, пара енгил атлетикачи Асила Мирзаёрова Париж Паралимпиадасида Т11 классида узунликка сакраш дастурида 28 йиллик рекордни янгилаб, олтин медални қўлга киритганди.

31 август куни президент Шавкат Мирзиёев Паралимпия ўйинлари ғолиблари Асила Мирзаёрова ва Қудратиллохон Маъруфхўжаев билан телефон орқали гаплашиб, уларни табриклаган.

Шунингдек, Асила Мирзаёрова президент қарори билан «Ўзбекистон ифтихори» фахрий унвонига сазовор бўлган. Унга Паралимпиада чемпионлиги учун 200 минг доллар, Tahoe автомобили ва 2 қаватли коттеж ҳам совға қилинган.