Беларусда президентлик сайлови 2025 йил 26 январга белгиланди. Ушбу қарор Вакиллар палатаси йиғилишида қабул қилинди, деб хабар бермоқда «БелТА».
«Беларус Республикаси Конституциясининг 81-моддаси, Сайлов кодексининг 56-моддасига мувофиқ, Беларусь Республикаси президенти сайлови Вакиллар палатаси томонидан камида беш ой олдин тайинланади ва якшанба куни аввалги президентнинг ваколат муддати тугашидан камида икки ой олдин ўтказилади», — дейди МСК раиси Игор Карпенко.
Беларусь Конституциясига мувофиқ, президент қасамёд қилганидан кейин ўз лавозимига киришади. Янги сайланган президент қасамёд қилган пайтдан бошлаб аввалги президентнинг ваколатлари тугатилади. Амалдаги давлат раҳбари Александр Лукашенконинг инаугурацияси 2020 йил 23 сентябрь куни бўлиб ўтган. Шунга кўра, навбатдаги президент сайлови 2025 йил 20 июлдан кечиктирмай ўтказилиши керак.
«Асосий қонун сайловларни муддатидан олдин ўтказишни тақиқламайди, белгиланган муддатдан кейин ўтказишни тақиқлайди. Марказий сайлов комиссиясининг фикрича, Беларусь президенти сайловини ўтказиш учун энг мақбул сана 2025 йил 26 январь ҳисобланади», — деди Карпенко.
Эслатиб ўтамиз, 2020 йил 10 августда Беларусда бўлиб ўтган президентлик сайловларида 80,23% овоз билан Александр Лукашенконинг қўли баланд келганди (у мамлакатни 1994 йилдан бери бошқариб келмоқда).
Жараён Лукашенко режимига қарши норозилик намойишлари фонида ўтган. Президентликка номзод Светлана Тихановскаяни қўллаб-қувватлаш учун 30 июль куни Минскда ўтказилган митинг, ҳуқуқ ҳимоячиларининг маълумотларига кўра, 63 мингга яқин одамни тўплаган. Бу мамлакатдаги энг йирик митингга айланган. Якунда Тихановская 9,9 фоиз овоз олганди.