Ўзбекистонда барқарорлик рейтинги юқори бўлган тадбиркорлик субъектларига нисбатан солиқ текширувлари ўтказилмаслиги кутилмоқда. Бу нормани назарда тутувчи қонун Сенат ялпи мажлисида маъқулланди.
Маълум қилинишича, эллик тўққизинчи ялпи мажлисда «Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги қонун кўриб чиқилди.
Қонун билан Солиқ кодексига юқори барқарорлик рейтингига эга бўлган тадбиркорлик субъектлари учун рағбатлантириш чоралари жорий этилишини назарда тутувчи қўшимча ва ўзгартиришлар киритилмоқда.
Кодексга тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтинги тушунчаси киритилмоқда.
Юқори барқарорлик рейтингига эга бўлган тадбиркорлик субъектларига нисбатан солиқлар бўйича (бундан қўшилган қиймат солиғи мустасно) ортиқча тўланган суммани қайтариш уч кунлик муддатда амалга оширилиши белгиланмоқда.
Шунингдек, тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтинги бўйича «ААА» тоифадаги субъектларга нисбатан эса солиқ текширувлари ўтказилмайди (бундан жиноий ишлар доирасида ўтказиладиган текширувлар мустасно).
Мазкур қонун солиқларни ўз вақтида тўлаётган ва қонунчилик талабларига мувофиқ фаолиятни амалга ошираётган тадбиркорлик субъектларига янада қулай шарт-шароитлар яратишга ҳамда уларни рағбатлантиришга хизмат қилади, дейилади хабарда.