Сиёсат
ТИВ раҳбарига янги ўринбосар тайинланди
Президент қарори билан, Олимжон Абдуллаев ташқи ишлар вазирига ўринбосар этиб тайинланди. У бунга қадар Ўзбекистоннинг Германиядаги консулларидан бири бўлиб ишлаган.
2025 йилда дарахт экиш учун 100 млрд сўм ажратилади, дарахт парваришлаш харажатлари инвестиция дастурига киритилади
2025 йилда «Яшил макон» кўчат экиш лойиҳасини амалга ошириш учун қўшимча 100 млрд сўм йўналтирилади, деди президент. Энди дарахтларни 3 йил парваришлаш харажатлари инвестиция дастурига киритилади ва 16 миллион гектар яйлов ерларини бошқариш Ветеринария қўмитасига ўтказилади.
Шавкат Мирзиёев Ҳиндистон бош вазири билан учрашди
БРИКС саммитида иштирок этиш учун Қозон шаҳрига борган Ўзбекистон президенти Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди билан мулоқот ўтказди. Улар технологиялар, сунъий интеллект, саноат, энергетика каби соҳаларда ҳамкорлик масалаларига тўхталди.
«Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳали фойдаланилмаган улкан салоҳиятга эга» — Абдулла Арипов
Самарқандда ўтказилган Ҳудудлараро ҳамкорлик форуми ва бизнес форуми доирасида Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида 352 млн долларлик 76 ҳужжат имзоланди. Абдулла Арипов мамлакатларда ҳали фойдаланилмаган улкан салоҳият борлигини айтди. Қозоғистон экспорт таъминотини 550 млн долларга оширишга тайёр.
БРИКС саммити доирасида Мирзиёев ва Эрдоған учрашуви бўлиб ўтди
Шавкат Мирзиёев Қозон шаҳрида БРИКС саммити доирасида Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдоған билан учрашув ўтказди. Томонлар стратегик шерикликни чуқурлаштириш масалаларини кўриб чиқди. Соғлиқни сақлаш, таълим, машинасозлик соҳаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Иқтисодиёт
Ўзбекистонга тўққиз ойда 23 млрд доллардан ортиқ хорижий инвестиция жалб қилинди
Президентга тақдимотда айтилишича, Ўзбекистонга сўнгги етти йилда жами 78 млрд, жумладан, 2024 йил январь-сентябрь ойларида 23,7 млрд долларлик хориж инвестицияси кириб келган. Бу орқали 1800 турдаги янги маҳсулот ишлаб чиқарила бошлаган, 120 та йирик қувват ишга тушган.
Ёқилғи-энергетика ресурслари истеъмолчиларининг энергия аудитини ўтказиш тартиби тасдиқланди
Ҳукумат қарори билан ёқилғи-энергетика ресурслари истеъмолчилари ҳамда бино ва иншоотларнинг энергия истеъмолини энергия аудитидан ўтказиш тартиби тасдиқланди. Эндиликда бино ва иншоотларнинг энергия самарадорлиги тоифаларга қараб белгиланади.
Қозоғистон-Ўзбекистон чегарасида божсиз махсус савдо зонасини ташкил этиш таклиф қилинмоқда
Манғистау вилояти ҳокими Қозоғистон-Ўзбекистон чегарасида бож олинмайдиган махсус савдо зонасини ташкил этишни таклиф қилди. Бунинг натижасида ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 4 баробар ошиши кутилмоқда.
Ўзбекистонда ўзини ўзи банд қилган шахслар 4 млн нафардан ошди
2024 йил 1 октябрь ҳолатига кўра, Ўзбекистонда ўзини ўзи банд қилган шахслар сони 4 миллиондан ошди. Кўрсаткич бир йилда 86 фоизга ўсган.
Сенат рейтинги юқори тадбиркорларни текширмаслик бўйича қонунни мақуллади
Барқарорлик рейтинги юқори бўлган тадбиркорлик субъектларига нисбатан солиқ текширувлари ўтказилмаслиги белгиланмоқда. Жиноий ишлар доирасида ўтказиладиган текширувлар бундан мустасно бўлади.
Маҳаллийлаштириш — импорт ўрнини босиш эмас. Президент маҳаллийлаштириш ва инвестиция масалалари бўйича йиғилиш ўтказди
Маҳаллийлаштириш импорт ўрнини босиш эмас, балки нарх бўйича ҳам, сифат бўйича ҳам рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқариш, экспортни ҳам кўпайтиришдир, дея таъкидланди президент билан учрашувда. «Ўзавтосаноат» 2 млрд долларлик импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқаришни режалаштирмоқда.
Инфляцион таргетга эришиш муддати нега 2026 йилгача сурилди?
Марказий банк раиси ўринбосари Беҳзод Ҳамраев нима учун Ўзбекистонда инфляцион таргетга эришиш муддати 2025 йил эмас, 2026 йилга тўғри келиши кутилаётганини изоҳлади. Муддатнинг учинчи бор кечиктирилишига энерготарифларнинг икки босқичда оширилиши ва бошқа омиллар таъсир қилган.
Жамият
«Тошкент аҳолиси шаҳардаги ўзгаришлар ҳақида уларнинг фикри сўралишини жуда истайди». Социолог билан суҳбат
Халқ билан мулоқот ва фуқароларнинг шаҳар лойиҳаларига жалб этилиши шаҳарда қулай муҳитни юзага келтиради. Узоқ вақт Тошкент аҳолисидан улар аслида нима хоҳлаши ҳақида сўралмаган. Шаҳарни ривожлантиришга аҳолини ким ва қандай жалб қилиши керак — социолог Алиса Баранникова билан суҳбат шу ҳақда.
ИИВ вояга етган квадроберлар 15 суткагача қамалиши мумкинлигини маълум қилди
ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти 18 ёшдан ошган шахслар томонидан содир этилган квадроберлик ҳаракатлари майда безорилик сифатида квалификация қилиниши мумкинлигини маълум қилди.
Ўзбекистонда аҳолини рўйхатга олишни 2026 йилда ўтказиш режалаштирилмоқда
Ўзбекистон Статистика агентлиги 2026 йилда аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига тақдим этди. Унга кўра, бу бўйича республика комиссияси тузилади. Олий Мажлисга топонимик объектларга ном бериш ва номларни ўзгартиришни вақтинча тўхтатиш тавсия этилади.
Сенат телекоммуникациялар тўғрисидаги қонунни маъқуллади
Сенаторлар телекоммуникация бозорини тартибга солувчи регулятор ва ушбу бозорни ривожлантириш сиёсатини олиб борувчи давлат органларининг вазифаларини белгиловчи қонунни маъқуллади.
Ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш жиноятларини фақат прокуратура тергов қилади
Сенаторлар Ўзбекистонда ер участкаларини ўзбошимчалик билан тортиб олишга қарши курашишда айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш киритиш тўғрисидаги қонунни маъқуллади. Бундай жиноятларни тергов қилиш прокуратура органларининг ваколатига қиритилмоқда.
Омбудсманга президент, ҳукумат ва парламентга махсус маъруза тақдим этиш ҳуқуқи берилмоқда
Сенат омбудсман тўғрисидаги янги таҳрирдаги қонунни маъқуллади. Энди омбудсман президент, ҳукумат ва парламентга махсус маъруза тақдим этиш ҳуқуқига эга бўлади. Шунингдек, ушбу лавозимга қўйилган олий маълумот ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида тажрибага эга бўлиш талаби бекор қилинмоқда
Спорт
19 ёшли курашчи Алишер Ғаниев ёшлар ўртасидаги ЖЧда олтин медаль олиб, Ўзбекистон тарихига кирди
Алишер Ғаниев юнон-рум кураши бўйича ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионати ғолиби бўлди. У 23 ёшгача бўлганлар орасида курашнинг ҳар икки тури бўйича илк жаҳон чемпионига айланиб, Ўзбекистон тарихига кирди (фото, видео).
Асила Мирзаёрова ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича махсус вакил бўлди
Пара енгил атлетика бўйича паралимпия чемпиони Асила Мирзаёрова Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича махсус вакили лавозимига тайинланди.
Жаҳон
Аргентинада солиқ хизмати тугатилди
Аргентина ҳукумати «аргентиналикларнинг иқтисодий эркинлигига тўсқинлик қилаётган кераксиз бюрократияни йўқ қилиш» мақсадида солиқ хизмати тугатилганини эълон қилди. Ваколатлар «оддийроқ» тузилмага эга янги агентликка ўтказилади.
Лионг Кионг Вьетнамнинг янги президенти бўлди
Вьетнам парламенти генерал Лионг Кионгни мамлакат президенти этиб сайлади. Унинг номзодини йиғилишда қатнашган 440 нафар депутатнинг барчаси қўллаб-қувватлади.
Грузияда 26 октябрда парламент сайловлари бўлиб ўтади. Нималар маълум?
Грузияда, таҳлилчилар фикрича, тарихий аҳамиятга эга бўладиган парламент сайловларига 3 кун қолди. Миллиардер Бидзина Иванишвили бошчилигидаги ҳукмрон партия сайловларни «уруш ва тинчлик ўртасидаги», мухолифат эса Европа ва россияпараст келажак ўртасидаги референдум деб атамоқда.
Туркияда теракт содир этилди. Ҳалок бўлганлар ва жароҳатланганлар бор
Туркия Аэрокосмик корпорациясининг TUSAŞ объектида теракт содир этилиб, камида 2 киши ҳалок бўлди. Ҳужум қилганлар 3 киши бўлгани ва уларнинг 2 нафари йўқ қилингани ҳақида хабар берилмоқда. Анқара Бош прокуратураси теракт бўйича тергов бошлади.
ЦАХАЛ «Ҳизбуллоҳ» етакчисининг вориси ўлдирилганини тасдиқлади
Исроил мудофаа армияси «Ҳизбуллоҳ» гуруҳи ижроия кенгаши раҳбари Ҳошим Сафиддин ўлдирилганини тасдиқлади. У гуруҳнинг ўлдирилган етакчиси Ҳасан Насруллоҳга ворис сифатида кўриларди.
Беларусда президентлик сайлови 2025 йил 26 январга белгиланди
Беларусь президенти сайлови 2025 йил 26 январь куни бўлиб ўтади. 2020 йилдаги сайловлар Лукашенко режимига қарши норозилик намойишлари фонида кечганди.
Россия ТИВ раҳбари Ўзбекистонга келади
Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров 28−29 октябрь кунлари амалий ташриф билан Ўзбекистонда бўлади. Унинг Шавкат Мирзиёев ҳамда ТИВ раҳбари билан учрашиши режа қилинмоқда.
Жанубий Корея разведкаси КХДР Россияга 3000 ҳарбийни юборгани ҳақида хабар берди
Шимолий Корея Украинага қарши урушда иштирок этиш учун Россияга 3000 нафар ҳарбийни юборди, деб хабар берди Жанубий Корея разведкаси. Пентагон КХДР аскарлари Россияга жўнатилганини тасдиқлади, аммо улар у ерда нима билан машғул экани ҳозирча номаълумлигини билдирди.
Бизни ўқиётганингиз учун раҳмат!