Шавкат Мирзиёев 22 октябрь куни маҳаллийлаштириш, давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш, хорижий инвестицияларни жалб қилиш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Йиғилишда айтилишича, сўнгги етти йилда Ўзбекистонга 78 миллиард доллардан зиёд хорижий инвестициялар келган. ДХШ бўйича қонун қабул қилиниб, мингдан зиёд лойиҳалар бошланган. 1 минг 800 турдаги янги маҳсулотни мамлакатда ишлаб чиқариш йўлга қўйилган.
Бугунги кунда барча тармоқларда 140 миллиард долларлик 366 та йирик лойиҳа амалга ошириляпти. Инвестиция лойиҳалари доирасида йилига 15 миллиард долларлик ускуна, хомашё ва қурилиш материаллари олиб келиняпти. Давлат раҳбари шуларнинг ҳар бирида маҳаллий улушни кўпайтириш мумкинлигини таъкидлади.
«Юртимиздаги йирик тармоқларда ҳам шундай имкониятлар бор. Масалан, энергетика тармоғини 2030 йилгача ривожлантириш дастурига мувофиқ, 36 миллиард долларлик 164 та қувват яратилади. Шундан 88 таси давлат-хусусий шериклик асосида барпо этилади», — дейилади хабарда.
Тоғ-кон саноати бўйича ҳам 1 миллиард 230 миллион долларлик дастур қабул қилинган. Соҳадаги йирик комбинатларга маҳаллий корхоналар ўзаро манфаатли боғланган.
Автосаноатда ҳам ушбу йўналишда ишга солинмаган имкониятлар кўп. Биргина қўшни давлатларда автомобиль эҳтиёт қисмларига йиллик талаб 1 миллиард долларни ташкил қилади, деди президент.
У маҳаллийлаштириш жараёнида нарх бўйича ҳам, сифат бўйича ҳам рақобатдош маҳсулот чиқариб, экспортни кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлади.
Ушбу йўналишлар бўйича аниқ лойиҳалар шакллантириб, имкониятларни натижага айлантириш зарурлиги қайд этилди. Саноат тармоқлари билан ҳудудлар ўртасида кооперацияни ривожлантириш, давлат харидларида маҳаллий маҳсулот ва хизматлар улушини ошириш бўйича таклифлар билдирилди.
Яқинда ДХШ тамойили асосида 30 миллиард долларлик инвестиция лойиҳалари тасдиқланган бўлиб, бунда ҳар бир соҳанинг имкониятлари очиб берилган. Жумладан, транспорт бўйича 10 миллиард доллар, ижтимоий соҳаларда 6 миллиард доллар, коммунал тармоқда 5 миллиард долларлик режалар кўзда тутилган.
Бу лойиҳаларга инвесторларни жалб қилиш, маблағларни самарали йўналтириш вазифалари қайд этилди.
Йиғилишда хорижий инвестициялар оқими ва келгуси режалар ҳам кўриб чиқилди. Жорий йилнинг тўққиз ойида 23 миллиард 660 миллион доллар хорижий сармоя кириб келган. Шунингдек, 4 миллиард 600 миллион долларлик 120 та йирик қувват ишга тушган.
Йил якунигача бу суръат давом этиши ва шу тариқа 2017−2024 йилларда жалб этилган хорижий инвестицияларнинг умумий қиймати 100 миллиард доллардан ошиши кутилмоқда.