Ўзбекистонда вояга етган квадроберлар 15 суткагача қамалиши мумкин. Бу ҳақда ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти ахборот хизмати хабар берди.
Департамент ахборот хизматининг «Газета.uz»га маълум қилишича, 18 ёшдан ошган шахслар томонидан содир этилган бундай ҳаракатлар майда безорилик сифатида квалификация қилинади.
Аниқлик киритилишича, квадроберлар кўчада ўзга шахсларга ташланса ёки эркин ҳаракатланишига тўсқинлик қилса, жабрланувчилар ИИБга мурожаат билан чиқиши мумкин. Бундай хатти-ҳаракатлар ҳам майда безорилик деб баҳоланади.
Мазкур ҳаракатлар билан фуқароларга ҳақоратли муомала қилиш ҳамда жамоат тартибини ва фуқароларнинг осойишталигини бузувчи шу каби бошқа хатти-ҳаракатларда ифодаланган жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимаслик Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (Майда безорилик) билан иш очишга сабаб бўлади.
Жамоат хавфсизлиги департаменти ушбу модда билан айбланган шахслар базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 бараваридан 5 бараваригача миқдорда (1 125 000 сўмдан 1 875 000 сўмгача) жаримага тортилиши ёки ўн беш суткагача маъмурий қамоққа олиниши мумкинлигини эслатган.
ИИВ хабарига кўра, сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда ёшлар ўртасида ўзини маълум бир ҳайвон қиёфасида акс эттирувчи аксессуарлардан фойдаланган ҳолда ўша жонзотнинг хатти-ҳаракатларига тақлид қилиш кўринишидаги квадроберлик субмаданияти намоён бўлмоқда.
Хусусан, 10 октябрда ҳайвонлар қиёфасидаги ниқобларни тақиб олган квадробер учратилган, 11 октябрда эса яна бир квадробер йўловчиларга итга тақлид қилиб ҳужум қилган. Воқеага гувоҳ бўлган бола қаттиқ қўрқиб кетгани ҳақида хабар берилган.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга мувофиқ, ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан вояга етмаган болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик, шу жумладан, вояга етмаган болаларнинг маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этишига олиб келиши БҲМнинг 5 баробаригача (1 миллион 875 минг сўмгача) жаримага тортишга сабаб бўлади.
Аввалроқ Ички ишлар вазирлиги ота-оналарни болалар ўртасида ўзини ҳайвонларга қиёслаб, ўша жонзотнинг хатти-ҳаракатларига тақлид қилиш (квадроберлар) учраётганидан огоҳлантирганди. Вазирлик фарзанд тарбиялаш бўйича мажбуриятларини бажармаганлар жавобгарликка тортилишини эслатган.