Президент Шавкат Мирзиёев 22 октябрь куни маҳаллийлаштириш, давлат-хусусий шерикчилигини ривожлантириш, хорижий инвестицияларни жалб этиш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказди.
Давлат раҳбари матбуот хизматининг маълум қилишича, ўтган етти йилда мамлакатга 78 млрд доллардан ортиқ хорижий инвестициялар келган. 1 минг 800 турдаги янги маҳсулот ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилган.
Бугунги кунда барча тармоқларда 140 млн долларлик 366 та йирик лойиҳа амалга оширилаяпти. Инвестиция лойиҳалари доирасида йилига 15 млрд долларлик ускуна, хомашё ва қурилиш материаллари олиб келинмоқда. Йиғилишда шуларнинг ҳар бирида маҳаллий улушни кўпайтириш мумкинлиги таъкидланди.
Масалан, энергетика тармоғини 2030 йилгача ривожлантириш дастурига мувофиқ, 36 млрд долларлик 164 та қувват яратилади. Шундан 88 таси давлат-хусусий шериклик асосида барпо этилади.
Тоғ-кон саноати бўйича ҳам 1 млрд 230 млн долларлик дастур қабул қилинган. Соҳадаги йирик комбинатларга маҳаллий корхоналар боғланган.
Президент автосаноатда ҳам бу йўналишда ишга солинмаган имкониятлар кўплигини таъкидлади. Айтилишича, биргина қўшни давлатларда автомобиль эҳтиёт қисмларига йиллик талаб 1 млрд долларни ташкил қилади.
Йиғилишда маҳаллийлаштириш импорт ўрнини босиш эмас, балки нарх бўйича ҳам, сифат бўйича ҳам рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқариш, экспортни ҳам кўпайтириш экани таъкидланган.
Шунингдек, саноат тармоқлари билан ҳудудлар ўртасида кооперацияни ривожлантириш, давлат харидларида маҳаллий маҳсулот ва хизматлар улушини ошириш бўйича таклифлар билдирилди.
Сентабрь ойининг бошида имзоланган президент қарори билан давлат-хусусий шериклик тамойили асосидаги 30 млрд долларлик инвестиция лойиҳалари тасдиқланганди. Унда, жумладан, транспорт бўйича 10 млрд доллар, ижтимоий соҳаларда 6 млрд доллар, коммунал тармоқда 5 млрд долларлик режалар кўзда тутилган.
Йиғилишда хорижий инвестициялар оқими ва келгуси режалар ҳам кўриб чиқилди.
Таъкидланишича, 2024 йилнинг тўққиз ойида мамлакатга 23 млрд 660 млн доллар хорижий сармоя кириб келган. Шунингдек, 4 млрд 600 млн долларлик 120 та йирик қувват ишга тушган.
2017−2024 йилларда жалб этилган хорижий инвестицияларнинг умумий қиймати 100 млрд доллардан ошиши кутилмоқда.
«Ўзавтосаноат» компанияси раиси Улуғбек Розуқуловнинг айтишича, автомобилсозлик соҳасида импорт даражаси юқори бўлиб турибди. Маҳаллийлаштириш дастури доирасида тўққиз ойда 15,8 трлн сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилган бўлса, йил охиригача бу кўрсаткич 18,9 трлн сўмга етказилиши режалаштирилган.
«Бу жорий йилнинг ўзида корхоналаримиз томонидан 1,3 млрд долларлик импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқарилишини англатади. Тайёр маҳсулот, бутловчи қисмлар ёки хомашё бўлишидан қатъий назар, бизда ҳар бир йўналишда катта салоҳият бор. Бу кўрсаткични 2 млрд долларга етказиш учун барча имкониятларимиз мавжуд. Олдимизга келаси йилда бу кўрсаткичга эришишни мақсад қилиб қўйганмиз», — деди у.
Апрель ойида президент ADM Jizzakh автомобиль заводига (Kia, Haval, Chery, Hyundai брендлари остида автомобиллар ишлаб чиқаради) ташриф буюриб, маҳаллийлаштириш даражасини ошириш, мамлакат саноат корхоналари билан кооперацияни кенгайтириш бўйича топшириқлар берганди. 2024−2027 йилларда 348 турдаги бутловчи қисмларни маҳаллийлаштириш режалаштирилган. Айни пайтда завод Ўзбекистоннинг 21 корхонаси билан кооперация алоқаларини ўрнатган.
2022 йил март ойида Шавкат Мирзиёев ички имкониятлардан фойдаланиш, саноат кооперацияси ва маҳаллийлаштиришни ривожлантириш миллий иқтисодиётнинг устувор йўналишига айланиши кераклигини таъкидлаганди. «Фақат ва фақат ички имкониятлар ёрдамида бозорларни, валютани топишимиз керак… Иқтисодиётда, ҳеч бир мамлакатда бошқа йўл йўқ», — деганди у.