КХДР Украинага қарши урушда иштирок этиш учун 3 минг ҳарбийни Россияга юборди, дея хабар бермоқда Жанубий Корея расмийлари. Reuters нашрининг ёзишича, бу аввалги ҳисоб-китобдан икки баравар кўп — Яқинда Сеул 1500 аскар ҳақида маълум қилганди.
Пхеньян Россияга 10 мингга яқин аскар юборишни ваъда қилган, жараён декабрь ойида якунланиши кутилмоқда, дея хабар берди парламент аъзолари журналистларга.
«Қўшинлар Россиядаги бир нечта ўқув марказларида жойлашган ва маҳаллий шароитга мослашаётганга ўхшайди», — деди парламент разведка қўмитаси аъзоси Пак Сон Вон.
АҚШ мудофаа вазири Ллойд Остиннинг айтишича, АҚШ расмийларида Шимолий Корея ҳарбийлари Россияда экани ҳақида далиллар мавжуд, аммо аскарлар у ерда нима қилиши ҳозирча номаълум. Пентагон раҳбарининг сўзларига кўра, КХДР ҳарбийларининг жойлаштирилиши Россиядаги куч тизими билан боғлиқ муаммолардан дарак беради.
Украина Мудофаа вазирлиги разведка бош бошқармаси бошлиғи Кирилл Буданов бир кун аввал The War Zone нашрига 23 октябрь куни Шимолий Кореянинг Курск йўналишидаги биринчи бўлинмалари жойлашиши кутилаётгани ҳақида айтганди.
Украина президенти Владимир Зеленский аввалроқ Пхеньян можаро ҳудудига 10 минг жангчини юборишни режалаштираётганини маълум қилган.
Россия ҳам, КХДР ҳам Шимолий Корея ҳарбийлари фронтга жўнатилгани ҳақидаги хабарларни рад этмоқда. Аввалроқ эса Пхеньяндан Москвага қурол-яроғ етказиб берилиши рад этилганди.
Wall Street Journal собиқ россиялик разведкачига таяниб, июнь ойида имзоланган Россия ва Шимолий Корея ўртасидаги стратегик шериклик тўғрисидаги шартномада махфий банд борлигини маълум қилди. Бу Пхеньянга уруш олиб бориш тажрибасига эга бўлиш учун Украинага тахминан 1000 аскардан иборат биринчи ҳарбий тўлқини юборишга имкон беради. Келгусида кўпроқ аскар юбориш режалаштирилмоқда, дея хабар берган газета суҳбатдоши.