22 октябрь куни Термиз давлат университетида БМТ Тараққиёт дастури лойиҳаси доирасида Япония ҳукумати молиявий кўмагида ташкил этилган Термиз ёшлар марказининг очилиш маросими бўлиб ўтди, деб хабар қилди БМТ Тараққиёт дастури матбуот хизмати.
Тадбирда Термиз давлат университети ректори Абдуқодир Тошқулов, Япониянинг Ўзбекистондаги элчиси Такаши Ҳатори ва БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Акико Фужии иштирок этди.
Марказ ахборот технологиялари, тадбиркорлик ва чет тилларини ўрганиш йўналишларида ёшларни касбий тайёрлашда кўмак кўрсатади. Лойиҳа таълим ва бандлик зртасидаги тафовутни бартараф этишга қаратилган, деб таъкидлади БМТТД.
Термиз шаҳридаги Ёшлар маркази БМТ Тараққиёт дастурининг ёшлар тўлиқ салоҳиятини юзага чиқариши учун қулай муҳит яратиш бўйича Ўзбекистонда «Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили» Давлат дастурини қўллаб-қувватловчи муҳим ташаббусларидан биридир, дейилади хабарда.