Янгиланди. Туркиянинг TUSAŞ аэрокосмик корпорацияси биноси яқинида содир бўлган теракт оқибатида беш киши ҳалок бўлди, 22 киши яраланди, дея хабар берди мамлакат Ички ишлар вазирлиги раҳбари Али Ерликая. Унинг сўзларига кўра, икки террорчи — аёл ва эркак ўлдирилган. Уларнинг шахси ҳозирча аниқланмаган.
Туркиядаги Turkish Aerospace (TUSAŞ — Туркия авиация ва космик саноати) объектида теракт содир бўлди. Бу ҳақда мамлакат ички ишлар вазири Али Ерликая хабар берди. Унинг сўзларига кўра, гап Анқарадаги Каҳраманказан туманидаги объект ҳақида кетмоқда.
A Haber нашрининг ёзишича, TUSAŞ биноси яқинида портлашлар ва отишмалар овози эшитилган. Воқеа жойига ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари, ўт ўчирувчилар ва шифокорлар етиб борган.
Кейинроқ Али Ерликая теракт оқибатида 3 киши ҳалок бўлгани, яна 14 киши яралангани ҳақида маълумот берди. Икки ҳужумчи воқеа жойида ҳалок бўлган. CNN Türk хабарига кўра, ҳужумда жами уч киши иштирок этган, улар орасида аёл киши ҳам бўлган.
Таъкидланишича, компания штаб-квартирасидаги терактни худкуш террорчи амалга оширган ва ходимларга иш жойларини тарк этиш тақиқланган. Euronews нашри суҳбатдошининг сўзларига кўра, отишма бинога кираверишда содир бўлган.
Анқара Бош прокуратураси теракт бўйича тергов бошлаган.