23 октябрь куни Шавкат Мирзиёев Қозон шаҳрига ташрифи доирасида Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Учрашувда Ўзбекистон-Ҳиндистон стратегик шериклик муносабатлари ва кўп қиррали ҳамкорлигини кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Томонлар юқори технологиялар, сунъий интеллект, саноат, энергетика, фармацевтика, транспорт коммуникациялари бўйича дастур ва лойиҳаларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратди.
Жорий йилда ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилиши ва бизнес форумини ўтказиш, шунингдек, саноат кооперацияси бўйича ўрта муддатли дастур қабул қилишга келишиб олинди.
Мамлакатларда маданият ва кино кунларини, тиббиёт ва спорт соҳаларида ҳамда ёшлар иштирокида, шу жумладан, ёшларнинг парламент ташкилотлари доирасида қўшма тадбирлар ўтказиш таклифи билдирилди.
Етакчилар бўлажак олий даражадаги тадбирлар режасини ҳам муҳокама қилди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон раҳбари қатор икки томонлама учрашувлар ўтказиш ҳамда БРИКС саммитининг протокол тадбирларида иштирок этиш учун Россиянинг Қозон шаҳрига ташриф буюрган. 24 октябрь куни «БРИКС плюс» форматидаги саммитнинг асосий йиғилиши бўлиб ўтади.