Самарқандда ўтказилган «Қозоғистон — Ўзбекистон» тўртинчи Ҳудудлараро ҳамкорлик форуми ва бизнес-форум доирасида умумий қиймати 352 миллион доллардан ортиқ 76 ҳужжат имзоланди. Бу ҳақда Қозоғистон бош вазири матбуот хизмати хабар берди.

Ҳудудлараро форумда Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов ва Қозоғистон ҳукумати раҳбари Олжас Бектенов иштирок этиб, саноат кооперацияси, сув-энергетика, транзит-транспорт, газ саноатидаги ўзаро ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди.

Йилнинг саккиз ойи якунларига кўра, ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 2,5 миллиард долларни ташкил этди. Олжас Бектенов савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш, ўзаро сармоя киритиш учун қулай шарт-шароитлар яратишга қаратилган чора-тадбирларни кенгайтириш зарурлигини таъкидлади.

«Қозоғистон ва Ўзбекистон барча соҳаларда ҳамкорликда ишлаш учун кенг истиқболга эга. Бунга, биринчи навбатда, давлат раҳбарлари Қосим-Жомарт Кемелевич Тоқаев ва Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг ишончли сиёсий мулоқоти ёрдам берди. Остонадаги бизнес форуми доирасида имзоланган қиймати 7 миллиард долларлик сармоявий ва тижорий шартномалар катта ҳисса қўшади. Ишончим комилки, бугунги учрашув янги ютуқ лойиҳаларни амалга оширишнинг бошланиши бўлиб, бутун Марказий Осиё минтақасининг барқарор иқтисодий ривожланишини таъминлашга улкан ҳисса қўшади», — деди у.

Қозоғистон қўшимча қийматга эга 40 турдаги қозоқ товарлари бўйича Ўзбекистонга экспорт етказиб бериш ҳажмини 550 миллион доллардан оширишга тайёрлигини билдирди.

абдулла арипов, бизнес-форум, минтақалараро форум, олжас бектенов, қозоғистон

Абдулла Арипов бугунги кунда мамлакатлар ўртасидаги муносабатларнинг устувор йўналиши ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантириш эканини таъкидлади.

«Сўнгги 7 йил ичида Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми қарийб 2,5 баробар ошиб, ўтган йили 4,4 миллиард долларни ташкил этди. Бугунги кунда Ўзбекистонда Қозоғистон капитали иштирокида 1000 дан ортиқ корхона фаолият юритмоқда. Чегарабўйи вилоятлар бир-бири билан — Қорақалпоғистон Республикаси Манғистау вилояти билан, Тошкент шаҳри Туркистон вилояти билан, Навоий вилояти Қизилрўрда вилояти билан бевосита ва яқин алоқалар ўрнатган. Бошқа ҳудудларимизда ҳам алоқалар изчил мустаҳкамланиб, савдо ва саноат кооперацияси ривожланмоқда. Шу билан бирга, ҳали фойдаланилмаган улкан салоҳият ҳам бор», — деди ҳукумат раҳбари.

Форум давомида инвестиция ҳажми 3,4 миллиард доллар бўлган 74 та қўшма лойиҳани амалга ошириш ва 14,6 минг иш ўрни яратишни назарда тутувчи саноат кооперациясини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Қозоғистонда 65 та корхона очиш ҳисобига 13,6 минг иш ўрни яратиш режалаштирилган. Бугунги кунга қадар ушбу мамлакатда 9 та, Ўзбекистонда яна 3 та қўшма лойиҳа амалга оширилган. Бу жами 4800 та иш ўрни яратди.

Қозоғистон-Ўзбекистон саноат ҳамкорлигига Қўстанайда Chevrolet Onix автомобилларини кичик ҳажмда ишлаб чиқариш, Саранда маиший техника ишлаб чиқариш заводи, Чимкент ва Туркистон вилоятида тикув ва йигирув фабрикалари, Ангрен шаҳрида автоклавланган газбетон ишлаб чиқариш ва бошқалар мисол бўла олади.

Сирдарёда «ягона дарча» хизматлари кўрсатиладиган «Марказий Осиё» саноат кооперацияси халқаро марказининг ташкил этилиши ҳукуматларнинг биргаликдаги фаолиятига янги туртки бериши кутилмоқда. У ерда, шунингдек, солиқ, божхона имтиёзлари ва тадбиркорлар учун преференциялар кўзда тутилмоқда.

Бундан ташқари, транспорт-логистика салоҳиятини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Ўзбекистон савдо айланмасининг 50 фоиздан ортиғи транзит йўли билан Қозоғистон ҳудуди орқали ўтади. Турли транспорт турлари бўйича 18 йўловчи ташиш йўналиши ташкил этилгани алоқаларни чуқурлаштириш учун янги имкониятлар очмоқда.

абдулла арипов, бизнес-форум, минтақалараро форум, олжас бектенов, қозоғистон

Икки форум доирасида умумий қиймати 352 миллион доллардан ортиқ 76 ҳужжат имзоланди. Юқори даражада эришилган келишувларни амалга оширишни жадаллаштириш бўйича Амалий чора-тадбирлар режаси шулар жумласидан. Ҳужжат энергетика, тоғ-кон саноати, геология соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга оширишни назарда тутади.

Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов ва Қозоғистон савдо ва интеграция вазири Арман Шаққалиев ўртасида товар айирбошлаш ҳажмини ошириш бўйича амалий чора-тадбирлар режаси имзоланди. «Буларнинг барчаси икки давлат ўртасидаги муносабатларнинг бутун минтақа иқтисодиётини ривожлантириш учун ҳаракатлантирувчи куч бўлишини таъминлашга қаратилган», — деди Шаккалиев.

Қозоғистоннинг Манғистау вилояти ҳокими Нурдаулет Қилибай Ўзбекистон билан чегара яқинида божсиз савдо зонаси ташкил этишни таклиф қилди. У Қозоғистоннинг Хитой билан чегарасида жойлашган «Хоргос» мажмуаси моделида ишлайди, дея қўшимча қилди амалдор.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ҳудуднинг очилиши Манғистау вилоятининг Ўзбекистон билан товар айирбошлаш ҳажмини 4 баробар оширади.

Форумда Ўзбекистонга кунгабоқар ёғи етказиб бериш бўйича умумий қиймати 12 миллион долларлик шартномалар ҳам имзоланди. Жумладан, OskemenAgroProdukt корхонаси Ўзбекистоннинг Texno Servis Sam компанияси билан 2 миллион долларлик, Altyn Shyghys компанияси Pet Agro Oil компанияси билан 10 миллион долларлик шартнома имзолади.