2025 йилда кўчат экиш бўйича «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш учун қўшимча 100 миллиард сўм маблағ йўналтирилади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев 21 октябрь куни бўлиб ўтган йиғилишда маълум қилди.

Бундан ташқари, инвестиция дастури энди дарахтларни 3 йил парваришлаш, касалликлардан сақлаш ва суғориш харажатларини ҳам ўз ичига олади.

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов ва Ўрмон хўжалиги агентлиги директори Низомиддин Бакиров суғориш бўйича икки хил тажриба ўтказиши керак. Жумладан, 27 та туманда биттадан қудуқ қазишга рухсат берилади. Ғаллаорол туманидаги тоғларда қор-ёмғир сувини йиғувчи 10 та гео-мембрана ўрнатилиб, дарахтларни суғориш тизими яратилади.

Баҳорда 14 та туманда 500 гектар майдонда тоғ ва адир қияликларида қават-қават қилиб, терраса усулида дарахт экиш бошланади.

азиз абдуҳакимов, дарахт экиш, ер деградацияси, низомиддин бакиров, чўлланиш, шавкат мирзиёев, экология, яшил макон

Президент вилоят ҳокимликларига «Менинг боғим» лойиҳаси доирасида яшил боғ яратишга камида 1 гектар, яшил жамоат парки учун 0,5 гектардан ер ажратиш топшириғини берди. Бу майдонлар экиш мавсумигача «Очиқ бюджет» порталига қўйилиб, дарахт турлари бўйича тавсия ва уларнинг нархи кўрсатилади. Бунда парваришлашда масъулиятсизлик қилган шахсларни мобил илова орқали огоҳлантириш тизими йўлга қўйилади.

Ҳокимларга барча ободонлаштириш бўлимларини 20 тадан суғориш мини-техникаси билан таъминлаш топширилди.

Президент сўнгги пайтларда мамлакатда чанг бўронлари тез-тез кузатилаётганини таъкидлади. Бунга глобал иқлим ўзгариши билан бирга ноқонуний дарахт кесилиши, сув камайиши, тартибсиз чорва боқилиши оқибатида чўл яйловлари деградацияга учраётгани ҳам сабаб бўлмоқда. Чўллардаги ўсимликлар турлари ҳам кескин камайган.

Давлат раҳбари аҳоли кўпайиб бораётган шароитда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича энг катта захира — яйловлар эканига эътибор қаратди.

Шу боис 16 миллион гектар яйлов ерлари бошқарувини Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитасига ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Қўмитага йил якунигача чўлларни деградациядан чиқариш бўйича уч йиллик дастур тайёрлаш топширилди. Келгуси йилда бу мақсадлар учун дастлаб 50 миллион доллар грант маблағлари жалб этилади.

«Ўзбеккосмос» агентлиги Бухоро ва Навоийда 35 гектардаги қум ва шамолни ушлаб қолувчи чўл ўсимликлари қопламаси йўқолиб кетганини аниқлади. Шу муносабат билан мутасаддиларга ишчи гуруҳи тузиб, ушбу 2 та вилоятнинг чўл ва ярим чўл ҳудудларида яшил майдонларни кўпайтириш бўйича дастур ишлаб чиқиш топширилди.

«Ўзбеккосмос» агентлиги билан биргаликда чўлларда экологик ҳолатни мониторинг қилиш платформаси яратилади.

Бундан ташқари, Ўрмон хўжалиги агентлигининг бу борадаги масъулиятини ошириш кўзда тутилган. Эндиликда агентлик чўлланишга қарши курашиш билан ҳам жиддий шуғулланади, ҳокимликлар қошидаги «Йўл кўкалам» ташкилотлари агентлик тизимига ўтади.

Агентликка ҳар бир ҳудуд иқлимига мос 100 миллиондан зиёд ниҳол ва кўчатларни оддий усулда маҳаллийлаштириш ҳамда етиштириш харажатини 20 фоизгача камайтириш топширилди.

Агентлик зиммасига Фанлар академияси билан биргаликда 20 гектарда тажриба-синов майдончаси қилиб, деградацияга учраган яйловларни қайта тиклайдиган ўсимликларни етиштиришни ташкил қилиш вазифаси юклатилди.

Йиғилишда президент суғориш тизими бўлмаган ерларга миллиондан ортиқ дарахт экилгани ёки «Яшил макон» лойиҳаси доирасида ҳисоботларга киритилганини айтди. «Нега Бош прокурор ўринбосари жим ўтирибди? 75 нафар ходим нима қиляпти? Назорат қани?», — деб сўради давлат раҳбари.

Шунингдек, «Маҳалла еттилиги» «Яшил макон» лойиҳаси доирасида ҳар бир маҳалладаги кам таъминланган оилалар ва ёлғиз кексаларга мевали дарахт кўчатлари тарқатади. Мактаб, олийгоҳ, шифохоналар, йўл бўйлари ва бошқа жойларда ҳам кўчатлар экилиши режалаштирилган.