Бош прокуратура атмосфера ҳавосининг сифати ёмонлиги ҳақидаги хабарлар кўпайиб бораётган бир пайтда атроф-муҳитга таъсири юқори бўлган I ва II тоифали саноат корхоналари учун чанг ва газ тозалаш ускуналарини ўрнатиш бўйича 2024 йилга режалаштирилган ишлар кечикаётганини маълум қилди.

Хусусан, Бош прокуратура маълумотларига кўра, Тошкент вилоятидаги 27 та корхонадан фақат 19 тасида, Тошкент шаҳридаги 31 та корхонадан эса фақат 8 тасида чанг-газ тозалаш ускуналари ўрнатилган.

«Мавжуд вазиятдан келиб чиқиб, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги текширишлар Экология, Соғлиқни сақлаш, Транспорт, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Гидрометеорология хизмати агентлиги, Қурилиш соҳасида назорат инспекцияси ва бошқа мутасадди ташкилотлар мутахассислари жалб қилинган ҳолда бевосита Бош прокуратура томонидан жорий йилнинг 22 октябрь кунидан бошлаб амалга оширила бошланди», — дейилади хабарда.

Бош прокуратура томонидан аниқланган қонунбузилиши ҳолатлари алоҳида назоратга олиниши ҳамда улар бўйича кескин ва муросасиз чоралар кўриб борилиши таъминланади.

Шу билан бирга, Бош прокуратура пойтахт атмосфера ҳавосининг ифлосланишига нафақат қуруқ иқлим, қумли ва қумлоқ тупроқлар каби табиий омиллар, балки иқлим ўзгариши, саноат ва автотранспорт чиқиндилари ҳажмининг ортиши, мораторийга қарамай дарахтларнинг ноқонуний кесилиши, шунингдек, бош режалар тасдиқланмасдан амалга оширилаётган фаол қурилишлар ҳам таъсир қилаётганини қайд этди.

Ушбу омилларни ҳисобга олган ҳолда, прокуратура органлари сентябрь ойидан бошлаб бутун мамлакат бўйлаб режали текширувларни бошлаган. Асосий эътибор «Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонун ва атмосферага зарарли моддалар чиқиндиларини камайтириш ҳамда ҳаво ҳолатини яхшилашга қаратилган бошқа меъёрий ҳужжатлар ижросига қаратилмоқда.