Туркияда бир қанча жиноий ишларда айбланиб қидирувга берилган Хатича Жафарова қўлга олинди, дея хабар қилди Ўзбекистоннинг Истанбулдаги бош консулхонаси.

1951 йилда туғилган аёл Туркия ва Ўзбекистон Ички ишлар вазирликлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида ушланган ва бош консулхона ходимлари иштирокида Ўзбекистонга депортация қилинган.

У 2011−2013 йилларда банк-молия хусусий секторида юқори лавозимларда ишлаган, жиноий уюшма ташкил этиш, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, ўзгаларнинг мулкини жуда кўп миқдорда ўзлаштириш, фирибгарлик, сохта тадбиркорлик каби бир қатор жиноятларни содир этганликда айбланиб, 2014 йилдан буён қидирувда бўлган.

Ушбу шахснинг хатти-ҳаракатларидан жабр кўрган фуқаролардан Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ёхуд унинг қуйи тизимларига мурожаат қилиш сўралади.