Шавкат Мирзиёев 23 октябрь куни Татаристон Республикасининг «Дўстлик» ордени билан тақдирланди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Таъкидланишича, ушбу давлат мукофотини Ўзбекистон раҳбарига Татаристон раиси Рустам Минниханов тантанали равишда топширган.
Президент Ўзбекистон ва Татаристон ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, халқлар ўртасида дўстлик ва ўзаро англашувни мустаҳкамлашга қўшган улкан ҳиссаси учун мукофотланган.
Мамлакат етакчиси Татаристон раҳбарига мукофот учун миннатдорлик билдириб, сўнгги йилларда ўзаро ҳамкорликда юқори натижаларга эришилганини мамнуният билан қайд этди ҳамда Татаристон халқига эзгу тилакларини билдирди, дейилади хабарда.
Қозон шаҳрига ташрифнинг биринчи кунида Шавкат Мирзиёев Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди, Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдоған, ХХР Раиси Си Цзиньпин ва Миср президенти Абдулфаттоҳ ас-Сиси билан, шунингдек, БРИКС Янги тараққиёт банки президенти Дилма Русеф ҳамда Россия «Сбербанк» президенти ва бошқаруви раиси Герман Греф Герман Греф билан учрашувлар ўтказди.
БРИКС тўққизта давлат: Бразилия, Россия, Ҳиндистон, Хитой, Жанубий Африка, Бирлашган Араб Амирликлари, Эрон, Миср ва Эфиопия бирлашмасидир. У 2006 йил июнь ойида ташкил этилган.