Қозонда бўлиб ўтган БРИКС саммити якунида 13 давлат бирлашманинг ҳамкор давлатлари мақомини олиши маълум қилинди. Бу ҳақда Россия ОАВ хабар қилмоқда.

Туркия, Қозоғистон, Ўзбекистон, Жазоир, Беларусь, Боливия, Куба, Индонезия, Малайзия, Нигерия, Таиланд, Уганда ва Вьетнам БРИКСнинг ҳамкорлари бўлиши кутилмоқда.

Беларусь президенти Александр Лукашенко мамлакат бирлашманинг ҳамкор давлати мақомини олганини тасдиқлади, деб хабар бермоқда «БелТА».

«Биз шерик бўлдик — бу ушбу клубга қўшилишдан олдинги мажбурий босқич», — деди Александр Лукашенко. У «БРИКС плюс» саммити йиғилишида Минск давлат раҳбарлари бирлашмасига тўлақонли аъзо бўлишга тайёрлигини маълум қилди.

Аввалроқ Қозоғистон президенти матбуот котиби Берик Уали мамлакат БРИКСга аъзо бўлиш учун ариза бермаслиги ҳақида маълум қилганди.

Август ойида Озарбайжон БРИКСга аъзо бўлиш учун расман ариза топширганди. Иттифоқ сўнгги бор 2024 йил январида кенгайган, ўшанда унга бешта давлат, жумладан, БАА ва Эрон ҳам қўшилган.

  • БРИКС (инглизча BRICS — Бразилия, Россия, Ҳиндистон, Хитой ва ЖАР номларининг бош ҳарфлари) 2006 йил июнь ойида Бразилия, Россия, Ҳиндистон, Хитой иқтисодиёт вазирлари иштирокида Санкт-Петербург иқтисодий форуми доирасида ташкил этилган.